Япония қочқинлар оқими туфайли юзага келган гуманитар эҳтиёж учун Афғонистон ва унинг қўшнилари — Покистон, Эрон, Тожикистон ва Ўзбекистонга $65 млн миқдорида молиявий кўмак беради. 26 октябрь куни Япония ҳукумати шундай қарор қабул қилди, деб хабар беради мамлакат Ташқи ишлар маҳкамасининг сайти.
Мазкур ёрдам ЮНИСЕФ, Халқаро Қизил Хоч, БМТ озиқ-овқат дастури, БМТнинг қочқинлар бўйича бошқармаси каби халқаро ташкилотлар орқали тақдим этилади. Молиявий ёрдам соғлиқни сақлаш, сув таъминоти, санитария, қишлоқ ҳўжалиги ва таълим тизими эҳтиёжларини қондириш учун йўналтирилади.
Кўмакнинг асосий қисми — $58 млн Афғонистонга берилади. Покистонга $3,5 млн, Эронга — $2,6 млн, Тожикистонга — $700 минг ва Ўзбекистонга — $200 минг ажратилган.
«Япония ҳукумати Афғонистон халқига кўмак беришда давом этади, шунингдек минтақада барқарорлик ҳукм суриши учун фаол ҳаракат қилади», — дейилади хабарда.
Августда «Толибон»* радикал ҳаракати ҳокимиятни эгаллаганидан сўнг мамлакатдан қочқинлар четга қоча бошладилар. Кўпчилик Покистон ва Эронга йўл олди. Ўзбекистон ва Туркманистон ўз чегараларини қочқинлардан беркитиб қўйди. Тожикистон ҳам ўз ҳудудига қочқинларни қўймасликка ҳаракат қилади (кам ҳолатда қочқинларнинг камсонли гуруҳлари қабул қилингани маълум), гарчи ҳукумат мамлакатда қочқинлар учун иккита лагерь барпо этилишини маълум қилган бўлсада.
БМТ маълумотларига кўра, Афғонистоннинг ўзида 3.5 млн одам ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган. Мамлакат гуманитар жар ёқасига келиб қолган: 23 млн афғон халқига, жумладан 3,2 млн болага очлик ҳуруж қилмоқда.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).