Ўзбекистонда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилади

Law178.ru сайти фотосурати

Ўзбекистонда ноябрь охирига қадар 190 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилади. 22 октябрда қабул қилинган «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишни янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорида мана шулар кўзда тутилган.

Жумладан, «Қўп қаватли уйлар бошқаруви тўғрисида», «Аҳоли бандлиги тўғрисида», «Фуқароларни давлат пенсияси билан таъминлаш тўғрисида», «Ички ишлар органлари тўғрисида», «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида», «Электр энергетикаси тўғрисида», «Маданий мерос объектларини асраш ва улардан фойдаланиш тўғрисида», «Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида, «Туризм тўғрисида» ва бошқа қонунлар экспертизадан ўтказилади.

Қарорга кўра, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар босқичма-босқич тўлиқ коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилади, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда коррупциявий омилларни аниқлаш бўйича намунавий шаклдаги саволнома (чеклист) тўлдирилиб, лойиҳа қабул қилингунигача бўлган босқичларда унга илова қилинади, чеклист тўлдирилмаган лойиҳалар адлия органлари томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмайди ва ишлаб чиқувчига қайтарилади, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларида аниқланган коррупциявий омиллар тегишли давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири этиб белгиланади.

Экспертизадан ўтказиш натижалари бўйича хулосалар тегишли давлат органлари ва ташкилотлари томонидан мажбурий кўриб чиқилади.

Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмат ходимларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш фаолияти ҳар олти ой якунида баҳоланади.

Адлия вазирлиги томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда қурилиш, соғлиқни сақлаш, олий таълим ва давлат харидлари соҳаларини тартибга солувчи 226 та қонунчилик ҳужжатлари коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилган ва натижасига кўра ушбу ҳужжатларнинг 75 тасида 302 та коррупциявий омиллар аниқланган

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ