Навоий шаҳар ҳокими ўз фармойиши билан давлат мулкини тарон-тарож қилган мансабдорни ойлик маошининг 1 баробари миқдорида рағбатлантирган, деб ёзади Kun.uz.
Суд ҳукмига кўра, Юсуф Турсунов 2019 йилда бошқарма бош ҳисобчиси У.Хафизов, “Paradise System Servise” МЧЖ мансабдор шахслари билан ўзаро жиноий тил бириктириб, 690 дона кўча чироғини сотиб олиш учун (ҳар бирини 1 миллион 204 минг сўмдан) жами 997 миллион 50 минг сўм маблағни жамият ҳисоб рақамига кўчирган. Экспертиза хулосасига кўра, мазкур турдаги чироқнинг бир донаси 384 минг сўм бўлган. Шу тариқа, кўчирилган пулнинг 264 миллион 960 минг сўмига 690 дона чироқ олинган, 732 миллион сўми эса талон-торож қилинган. Кейинчалик шундай схема билан давлат бюджетидан 321 млн сўмдан ортиқ пул ўмарилган. Шундай қилиб, аниқланган зарар $1 млрд сўмдан ($99 минг) ортиқ бўлган.
Навоий шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган Юсуф Турсунов жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг 2021 йил 4 мартдаги ҳукмига асосан 1 йил 6 ой мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ойлик иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосига тортилади.
Навоий вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2021 йил 18 августдаги ажрими билан биринчи инстанция суди ҳукмига қисман ўзгартириш киритилиб, Юсуф Турсуновга тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазоси муддати 3 йилдан 2 йил 7 ойга қисқартирилади. Унга тайинланган мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги қўшимча жазо ўзгаришсиз, ўз кучида қолади.
Аммо Турсунов ўзи эгаллаб келаётган лавозимида қолган. Уни ҳеч ким ишдан бўшатмаган, лавозимидан олинмаган. Бошқа бир мулозим Турсуновнинг лавозимидан олинмаганини унинг Олий судга кассация тартибида шикоят киритгани билан асослашга уринган. Kun.uz бу масалада Олий судга сўров юборган. Олий суд таҳририятга Турсуновнинг кассация шикояти келиб тушгани, аммо ҳукм ижросини тўхтатиб туриш бўйича ажрим чиқарилмаганини маълум қилади.
31 август куни Навоий шаҳар ҳокими Муҳиддин Бозоровнинг фармойиши билан Турсунов мустақилликнинг 30 йиллиги муносабати билан ойлик маошининг 1 баробари миқдорида рағбатлантирилган.
Kun.uz айни масала юзасидан суриштирув ўтказаётган бир вақтда Юсуф Турсунов Навоий шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимидан озод этилгани айтилди. «Юсуф Турсунов икки ой давомида лавозимни ғайриқонуний тарзда эгаллаб келгани ҳамда унга бюджетдан иш ҳақи ва рағбатлантириш тўловлари тўланишига йўл қўйиб берган масъулларнинг тегишли жавобгарлиги масаласи кўриб чиқилиши лозим бўлади», — деб ёзади таҳририят.