Ўзбекистон туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги Марғилондаги «Хўжа Порсо» масжиди бўйича олиб борилган хизмат текширувлари натижасини маълум қилди.
Унга кўра, Фарғона вилояти Маданий мерос бошқармасига «Хўжа Порсо» жомеъ масжиди ҳудудида миллий рўйхатдаги Республика аҳамиятига эга бино мажмуаси сақланган ҳолда, бинонинг янги бош режаси тақдим қилиниши, бино кўриниши Марғилон анъанавий меъморчилиги асосида лойиҳалаштирилиши, гумбаз, арка (равоқ) қурилиши усулига эътибор қаратилиши юзасидан кўрсатма берилган.
«Бинонинг тарихий бош тархи тақдим этилмаганлиги, янги ва эски биноларни бир-бири билан мутаносиблиги ишлаб чиқилмаганлиги ҳамда лойиҳа ташкилоти лицензиясиз кенгашга тақдим этилгани сабабли лойиҳа таклифи Илмий-эксперт кенгаши аъзолари томонидан бир овоздан рад этилган», — дейилади хабарда.
Мазкур масала юзасидан ўрганилган хулосалар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун юборилган.
XIX асрда қурилган «Хўжа Порсо» масжиди Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрь қарори билан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган. Масжиднинг бузилиши ва унинг ўрнига янги бино қурилиши ҳақида журналист Элмира Тухватуллина 20 октябрда хабар берган.
Фарғона вилояти ҳокимлиги бинони реставрация ёки реконструкция қилиш имкониятлари йўқлиги сабабли, эски масжид ўрнида 1500 ўринли бўлган барча қулайликларга эга замонавий янги масжид биноси қурилаётганини маълум қилди.