Банан, цитрус ва бошқа турдаги мевалар импорти божхона божидан озод қилинади

Ўзбекистон ҳукумати 2022 йил 1 майга қадар банан, олма, ананас ва бошқа турдаги мевалар импортини божхона божидан озод қилди. Бундан ташқари, гўшт, товуқ ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини олиб кириш ва сотиш ҚҚСдан озод қилинади, деб хабар беради Газета.Uz.

Вазирлар Маҳкамаси 7 октябрда «Аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш ва ички бозорда нархлар барқарорлигини сақлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ги қарорни қабул қилди.

Қарорга кўра, 2022 йил 1 майгача қуйидаги товарлар божхона божидан озод қилинади:

бананлар, плантайнлар (янги ёки қуритилган) – ТИФ ТН коди 0803;

янги ёки қуритилган финикилар, анжир, ананаслар, авокадо, гуайява, манго ва мангостан ёки гарциния – ТИФ ТН коди 0804;

янги ёки қуритилган цитрус мевалар – ТИФ ТН коди 0805;

янги папайя – ТИФ ТН коди 0807 20 000 0;

янги олма, нок ва беҳи – ТИФ ТН коди 0808;

киви – ТИФ ТН коди 0810 50 000 0.

Ҳозирда ушбу мевалар учун божхона тўлови ставкаси 10 дан 20% гача, лекин 1 кг учун 0,2 доллардан кам бўлмаган миқдорда.

Шунингдек, қарорда гўшт, қорамол ва парранда, картошка ҳамда музлатилган балиқни Ўзбекистонга олиб кириш ва реализация қилиш бўйича айланмаларни ҚҚСдан озод қилишга оид қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш кўзда тутилган эди. 19 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга юборилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ