Фарғона вилояти ҳокимлиги «Хўжа Порсо» масжиди бузилиши сабабига аниқлик киритди

Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати фотосурати

Марғилондаги «Хўжа Порсо» масжидини реставрация ёки реконструкция қилиш имкониятлари йўқлиги сабабли, бузиб қайта қуриш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар беради.

Ҳокимликка кўра, 1869 йилда эмас, балки 1918 йилда қурилган ушбу масжид биноси хом ғиштдан барпо этилган бўлиб, бино деворлари ёрилган, пойдеворнинг чўкиб кетгани кузатилган.

2019 йил ноябрда олиб борилган техник экспертиза давомида биносининг конструктив ва тузилмавий ечимлари меъёрий хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги аниқланган. Бинони реставрация ёки реконструкция қилиш имкониятлари йўқлиги сабабли бузиб қайта қуриш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган ҳамда масъул идоралар экспертлари хулосаси олинган. Бугунги кунда эски масжид ўрнида 1500 ўринли бўлган барча қулайликларга эга замонавий янги масжид биноси қурилмоқда.

Эски масжид пештоқидаги ёғоч ўймакорлик нақшлари реставраторлар томонидан доимий амалиёт усулида рақамлар билан белгиланиб кўчириб олинган ҳамда сақлаш учун олиб қўйилган. Янги масжид биносининг айвони айни ўлчамларда барпо этилмоқда, унинг пештоқига эски масжиддан кўчириб олинган нақшлар ўрнатилади, дейилади матбуот хизмати хабарида.

Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати фотосурати

Ижтимоий тармоқларда «Хўжа Порсо» жомеъ масжидининг бузиб ташланаётганлиги ҳақида хабарлардан сўнг Ўзбекистон туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги хизмат текширувини бошлаган. Текширувга вилоят прокуратурасини ҳам жалб қилинган.

«Маълум бўлишича, 2020-йил 3-декабрда «Хожа Порсо» жомеъ масжидига ташриф буюрувчи намозхонларга қулайлик яратиш мақсадида масжид ҳудудида қўшимча бино иншоотларини қуриш бўйича таклиф лойиҳаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти қошидаги Илмий-эксперт кенгашига тақдим қилинган. Ўрганишлар натижасида мазкур ҳолат юзасидан Илмий эксперт кенгаши мажлиси ўтказилганлиги ва вазият юзасидан кенгаш хулосаси ўрганилмоқда», — дейилади Агентлик хабарида.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ