Россия аграр саноатига 3,5 мингта ўзбекистонлик ишчи жалб қилинади

Ria.ru сайти фотосурати

Россия аграр саноати комплексига Ўзбекистондан 3,5 мингта ишчи олиб келинади. Бу ҳақда «Коммерсант» РФ Қишлоқ хўжалиги вазирлигига таянган ҳолда хабар беради.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бир неча кун ичида ишчи кучига муҳтож компаниялардан буюртмалар йиғади. Лойиҳага паррандачилик фабрикалари катта қизиқиш билдирган.

Ўзбекистонлик ишчиларни даставвал РФ ҳукумати томонидан қурилиш соҳасига ажратилган 10 мингталик ишчи кучи квотаси доирасида олиб келиш режалаштирилган.

Чет эллик ишчиларни ёлламоқчи бўлган компаниялар Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан шартнома тузишлари керак бўлади. Ишчилар ўз юртида юқумли касалликлар борасида тест топшириб, COVID-19га қарши «Спутник Лайт» вакцинаси билан эмланадилар, шунингдек рус тилидан имтиҳон топширадилар. Битта ишчини жалб қилиш ҳаражати 45–50 минг рубль атрофида баҳоланади.

2021 йил февралда Россия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Бош вазир ўринбосари Виктория Абрамченкога хориждан ишчи кучи ёллаш илтимоси билан мурожаат қилганди. Вазирлик келтирган маълумотларга кўра, 2021 йил мавсумий ишларга қўшимча 38,2 мингта ишчи кучи талаб қилинади.

Шунингдек, вазирликка кўра, чет элликлардан фарқли ўлароқ маҳаллий аҳоли қишлоқ хўжалиги соҳасида керакли билим ва тажрибага эга эмас, бундан ташқари улар юқори суммада маош тўлангани билан ҳам ишлашни хоҳламайди.

Августда Россия ИИВ мамлакатга кириши тақиқланган 158 мингта ўзбекистонлик ва шунча тожикистонлик фуқароларнинг киришига рухсат берди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ