Москва метрополитени иш излаш сайтига ўзбек ва тожик тилларини биладиган кассирларни ишга олиши тўғрисида эълон берди.
Кассир маоши 39 минг рубль. Иш жадвали — уч кун иш, бир кун дам олишдан иборат. Иш тажрибаси сўралмайди. Номзод ўрта таълимдан кам бўлмаган маълумотга эга бўлиши, ўзбек ва тожик тилларини билиши керак.
Кассир вазифасига йўл чипталари, транспорт карталарини тўлдириш ва сотиш, йўловчиларга маслаҳат бериш киради.
Сентябрь ойи бошида «Лесопарковая» ва «Прокшино» метро бекатларидаги йўл кўрсатгичлари ўзбек ва тожик тилларида ҳам ўрнатилди. Бу ердан Москва миграция марказига қатновчи йўловчиларни яхшироқ хабардор қилиш ниятида мана шундай ишлар амалга оширилган.
Метрополитен матбуот марказининг РИА Новостига билдиришича, мақсад – метро хизматини йўловчилар учун тушунарли ва қулай қилишдан иборат. «Масалан, вагонлардаги электрон таблода метро схемаси тўққизта тилда берилган», — дея қўшимча қилади матбуот маркази.