Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги янги автотрасса ва йўл ўтказгичларни кўздан кечирди.
Президент матбуот маркази таъкидлаганидек, Сергели билан Яккасарой туманини боғлайдиган қўшимча йўл жуда керак бўлган. Бу лойиҳа икки босқичда амалга оширилади. Бугунги кунда Чўпонота кўчасидан Тошкент ҳалқа йўлигача қарийб 2 километрлик трасса қуриб битказилган. Унинг Кичик ҳалқа йўли устидан ўтган қисмида 788 метрлик кўприк ва Тошкент ҳалқа йўлига туташган жойида иккита 207 метрлик йўл ўтказгич барпо этилган.
19 октябрь куни мазкур транспорт иншоотлари ишга туширилди.
Ушбу янги йўл ва кўприклар муҳандислик ечимига кўра жуда қулай. Биринчидан, мазкур янги кўча Тошкентнинг энг йирик транспорт артериялари – кичик ва катта ҳалқа йўллари билан кесишади. Иккинчидан, транспортларнинг янги кўприкка чиқиши ҳам, ундан тушиши қулай. Ҳеч қандай светофор ёки қайрилиб олишсиз, бошқаларга халақит бермаган ҳолда, кейинги йўналишга қўшилиб кетиш мумкин.
Ҳозирда лойиҳанинг иккинчи босқичи доирасида жадал иш олиб борилмоқда. Тошкент ҳалқа йўлидан Қипчоқ кўчасигача бўлган 4 километрдан зиёд йўл қурилмоқда.
6 қаторли мазкур йўл ва кўприклар соатига 12 мингтагача автотранспортни ўтказиш қуватига эга бўлади. Шу тариқа, Сергели туманидан шаҳар марказига етиб бориш вақти олдинги 40-50 дақиқа ўрнига 20 дақиқани ташкил қилади. Янги Сергели кўчасидаги тирбандлик икки бараварга қисқаради.