Италиянинг Сан-Ремо шаҳрида нуфузли «Sanremo Junior» халқаро болалар мусиқа фестивалида ўзбекистонлик 11 ёшли София Сингх Гилл биринчи ўринни эгаллади, деб хабар беради «Дунё» АА.
Ўзбекистоннинг Италидаги элчихонаси хатарига кўра, мазкур нуфузли мусиқий фестивалда Ўзбекистон биринчи марта иштирок этган. Софиянинг рақобатчилари Германия, Исроил, Болгария, Чехия, Италия, Ливан, Украина, Словакия, Россия, АҚШ, Қозоғистон ва бошқа мамлакатлардан келган иштирокчилар бўлган.
София бунга қадар ҳам бошқа халқаро фестивалларда иштирок этган. У шу йили май ойида Артекда ўтказилган «Детская Новая Волна 2021» конкурсида кумуш медални қўлга киритган. Қиз Тошкентда туғилиб ўсган. Унинг отаси ҳинд, онаси ўзбек. Ҳозирда у Тошкент халқаро мактабининг 6-синфида ўқийди, рус ва инглиз тилларини яхши билади, француз тилини ўрганмоқда.
Сан-Ремо болалар фестивали финалида София Армагеддон фильмида намойиш этилган «I Don’t Want To Miss A Thing» номли «Aerosmith» қўшиғини куйлади. Унга Италия симфоник оркестри ҳамроҳлик қилди.
Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси Отабек Акбаров София, унинг онаси Камила Абдуллаева ва мусиқа устози, қўшиқчи Саида билан учрашди. У барчани ғалаба билан табриклаб, «бу ютуқ Ўзбекистон учун аҳамиятли, чунки бу бизнинг болаларимизнинг мусиқий тайёргарлиги даражаси ва сифатидан далолат беради», — деди
Sanremo Junior — ЮНИСЕФ ҳомийлигида ўтказиладиган, 15 ёшгача бўлган болалар ўртасидаги энг нуфузли вокал фестивали ҳисобланади. Конкурс иштирокчилари Ariston театри саҳнасида қўшиқ ижро этадилар. Маълумки, бу ерда катта ёшдаги хонандаларнинг мусиқий фестивали ҳам ўтказилади. Адриано Челентано, Тото Кутуньо, Эрос Рамазотти ва бошқа машҳур хонандалар айнан шу ердан ижодий йўлини бошлаганлар.