Тошкентда махсус жамғарма тузилиб, ундан ҳар бир маҳаллага 10 млрд сўмдан ($939 минг) маблағ ажратилади. Бу ҳақда тошкентликлар билан учрашувда Ўзбекистон президентлигига номзод сифатида Шавкат Мирзиёев маълум қилди, деб хабар берди ЎзЛиДеп матбуот маркази.
«Жорий йилда пойтахт аҳолиси билан учрашганимда маҳаллаларни обод қилиш бўйича олдимга кўплаб муаммоларни кўтариб чиқишди. Буларни ҳал қилиш учун ҳар бир маҳаллага 2 миллиард сўм берилгани, маблағлар жамоатчилик таклифлари ва уларнинг бевосита назорати остида сарфланаётгани ўз самарасини берди, — деди Мирзиёев. — Ушбу тажрибани тизимли давом эттириб, ажратилаётган маблағларни янада кўпайтирамиз. Бунинг учун 575 та маҳаллани ривожлантириш бўйича шаҳар ҳокимлиги қошида алоҳида жамғарма ташкил этилади ҳамда ҳар бир маҳаллага 10 миллиард сўмдан ажратилади. Бу шаҳар бўйича қарийб 600 миллион доллар маблағ деганидир».
Ушбу маблағларнинг 5 миллиард сўми аҳоли таклифлари асосида, очиқ ва шаффоф «Фуқаролар бюджети» тизимидан фойдаланиб, энг долзарб бўлган ижтимоий ва коммунал лойиҳаларга сарфланади. Яна 5 миллиард сўми эса маҳаллада бандликни таъминлаш, кичик ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Мазкур маблағдан самарали фойдаланишга янги иш бошлайдиган ҳоким ёрдамчилари масъул бўлади.
«Мен шунчаки маҳаллаларга пул ажратмаяпман, 600 миллион доллар — катта сумма. Кучли жамоат назорати ўрнатилади. Президент йўллари (Ўзбекистонда давлат раҳбари ҳаракатланадиган обод йўллар шундай аталади. – «Фарғона» изоҳи) ҳар бир туманда бўлиши керак. Наманганни гуллар шаҳри дейишади, нега энди Тошкент гуллар шаҳри бўлмаслиги керак?», — дея ўртага савол ташлади Мирзиёев.
Мирзиёев Тошкент шаҳар ҳокимлигида пойтахт иқтисодиёти ва урбанизация масалалари билан тизимли шуғулланадиган илмий марказ очилишини маълум қилди. Ушбу марказ аҳоли орасида доимий сўровлар ўтказиб, мавжуд муаммоларнинг илмий ечимларини ишлаб чиқади.