Сўх туманида аэропорт қурилиши якунланди

Сўх аэропортининг учиш-қўниш йўлаги. Фарғона вилояти ҳокимиятининг матбуот хизмати фотосурати

Сўх эксклавида аэропорт қурилиши якунланди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимиятининг матбуот хизмати хабар беради.

Аэропорт 7 гектар майдонни эгаллайди, учиш-қўниш йўлаги 700 метрдан иборат. Қурилиш ишларига давлаб бюджетидан 6,8 млрд сўм ($638 минг) ажратилди.

«Учиш майдончаси, кутиш зали, овқатланиш шахобчаси, савдо нуқтаси, дам олиш жойларини ўзида қамраб оладиган замонавий мажмуа ташкил этилмоқда. Яқин кунларда синов учишлари амалга оширилиши кўзда тутилган», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Майдони 352 квадрат километрдан иборат Сўх тумани Ўзбекистоннинг Қирғизистон республикаси Боткен вилоятидаги эксклави ҳисобланади. 31 май куни икки давлат аҳолиси ўртасида маҳаллий булоқдан фойдаланиш ҳуқуқи учун тортишув келиб чиқиб, катта жанжалга айланиб кетди. Можаро иштирокчилари бир-бирларига тош отиб, уйларга ўт қўйдилар, натижада 187 нафар ўзбекистонлик ва 25 нафар қирғизистонлик фуқаролар жабрландилар.

Орадан уч кун ўтиб бу ерга ташриф буюрган Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Сўх туманини ривожлантириш учун ҳукумат 1 трлн сўм (деярли $100 млн) ажратишини маълум қилди. Кейинчалик Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорини имзолади. Қарорда сўхликлар учун қатор имзиёзлар берилди.

2021 йил апрель ойида Фарғона вилояти Риштон туманини Сўх билан боғлайдиган ягона автомобиль йўли очилди. У 2013 йили қирғизистонлик чегарачилар ва сўхликлар ўрасида бўлиб ўтган жанжалдан сўнг ёпилган эди. 2019 йил августда йўл очилди, лекин орадан икки кун ўтиб яна ёпиб қўйилди. Бош вазир Арипов буни Евроосиё иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти талаби билан амалга оширилганини маълум қилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ