Эвакуация рўйхатига киритилган афғон таржимони Қобулда отиб ўлдирилган

Эвакуация қилинаётган афғонларга тўла нидерландлар ҳарбий-транспорт самолёти. Нидерландлар МВ сайти фотосурати

Нидерландлар эвакуация қилиши керак бўлган афғон таржимони Қобулда отиб ўлдирилган. Бу ҳақда NOS нашри марҳумнинг оила аъзоларига таянган ҳолда хабар беради.

Хабарда айтилишича, ўз ҳаётидан хавфсираган таржимон турли жойларда тунаб юрган, бироқ 13 октябрь куни у турган уйга (марҳам яқинлари таърифига кўра) «Толибон»* радикал ҳаракатига қарашли жангари келган ва таржимондан шахсни тасдиқловчи ҳужжат сўраган.

Шундан сўнг таржимон Калашников автоматидан отиб ўлдирилган.

Таржимон Нидерландлар иштирок этган Афғонистондаги Европа Иттифоқи полицияси (EUPOL) миссиясида ишлаган ва шунинг учун уни нидерландлар эвакуация рўйхатига киритишган.

Таъкидлаш жоиз, бу толибларнинг собиқ ҳукумат ёки чет эл қўшинлари билан ҳамкорлик қилган афғонлардан ўч олаётгани билан боғлиқ биринчи воқеа эмас, гарчи радикал ҳаракат раҳбарияти аввалги ҳукумат ва чет элликлар билан ишлаган одамлардан ўч олмаслигини вада қилган бўлсада.

30 август куни толиблар Дайкундида ҳукумат армиясида хизмат қилган 11 та одамни отиб ташлашган. «Бу қотиллик ҳарбий жиноят ҳисобланади», — деганди бу воқеага доир етарли далил-исботларни йиққан ҳуқуқ ҳимоячилари.

Август ойининг иккинчи ярмида чет эл қўшинлари, шунингдек нидерландлар ўз одамлари ва афғонларни Афғонистондан эвакуация қилиш операцияларини амалга оширдилар. 31 августга қадар улар Қобул аэропорти орқали 120 мингта одамни олиб кетишга эришдилар.

· «Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина мамлакатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ