Politico: АҚШ Ўзбекистонда аксилтеррор кучларни жойлаштиришни муҳокама қилмоқчи

АҚШ армияси қўллайдиган MQ-9 «Ўроқчи» учувчисиз аппарати. GA-ASI компанияси сайти фотосурати

Қўшма Штатлари расмийлари шу ойда Ўзбекистонда АҚШнинг аксилтеррор кучларини жойлаштириш имкониятларини муҳокама қиладилар. Бу ҳақда «Politico» нашри ўз манбаларига таянган ҳолда хабар беради.

Хабарда айтилишича, октябрь ойи охиригача АҚШ мудофаа маҳкамаси вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда.

Бироқ, нашр президент Жо Байден администрацияси бир неча ойдан бери Ўзбекистон билан консультациялар олиб бораётгани, ҳозиргача бу уринишлар бирорта ижобий натижа бермаганини ёзади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мудофаа қонунига мувофиқ, мамлакат ҳудудида хорижий давлат ҳарбий базаларининг жойлаштирилиши мумкин эмас.

Бундан олдин Россия ҳукумати америка ҳарбий қўшинларининг Марказий Осиё республикаларида жойлашувига кескин норозилик билдирганди.

Ўзбекистон, Қирғизистон ёки Тожикистонда ўз таянчига эга бўлмаган Қўшма Штатлари Афғонистон ҳудудига ҳужумлар уюштириш учун Қатар ва Форс кўрфазидаги бошқа ҳарбий базаларига суянишига тўғри келади. Бироқ, бу ердаги базалар ва Афғонистон ўртасидаги масофа шунчалар олиски, Қатардаги «Ал Удейд» базасидан учирилган учувчисиз ҳарбий аппарат ўзининг 60 фоиз вақтини йўлга сарфлайди, деганди АҚШ ҳарбий мулозими The Wall Street Journal нашрига.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ