Кузатув камералари ўрнатиладиган сайлов участкалари аниқланган

Подробно.uz сайти фотосурати

Ўзбекистоннинг ҳар бир туман ва шаҳарида кузатув камералари ўрнатиладиган сайлов участкалари аниқланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати хабар беради.

Республикадаги 207 та туман ва шаҳарларда жами 414 та кузатув камералари ўрнатилиши белгиланган. «Бу 2019 йилга қараганда 147% кўпроқ», — дейди МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров.

2019 йили парламентга ўтказилган сайловда 60 та сайлов участкасида 120 та кузатув камераси ўрнатилган эди. Мазкур сайлов участкаларидаги овоз бериш жараёни МСК расмий сайти, Халқаро матбуот маркази ва «Ўзбекистон24» телеканали орқали тўғридан-тўғри намойиш этилди.

24 октябрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон президенти сайловида ҳам шу каби трансляция бўлади. Кузатув камералари ўрнатиладиган сайлов участкалари республика Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамкорлигида танланган ва улар намунавий ҳисобланади.

Овоз бериш куни мамлакат ҳудудида жойлашган 207 та сайлов участкасида сайлов жараёнлари онлайн видео-трансляция қилинади. Видео-трансляция жараёни Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот марказида катта ҳажмдаги экран орқали, шунингек, «saylov2021.uz» портали ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «Ўзбекистон 24» ва бошқа телеканалларида онлайн тарзда узатиб борилади.

Трансляция 24 октябрь соат 8:00 дан соат 20:00 гача белгиланган.

Сайлов жараёнида замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш очиқлик ва ошкораликни таъминлайди, шунингдек, сайловчилар учун ҳар томонлама қулайликлар яратиб беради, дейилади МСК хабарида.

Комиссия аъзолари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Республикада 14 та сайлов округи, 10760 та сайлов участкалари ташкил этилган. 21 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик овоз бериш ҳуқуқига эга. Муддатидан олдин овоз бериш 14 октябрдан 20 октябргача ўтказилади. Бугунга келиб аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ОАВ вакиллари жами 1419 нафар, хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари эса 146 нафарни ташкил этади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ