Бухорода Арк қўрғонининг бундан юз йил олдин вайрон қилинган қисмлари қайта тикланади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилояти сайловчилари билан учрашувида маълум бўлди, деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.
Бухоро вилоятида 829 та маданий ёдгорлик бор бўлиб, 287 тасининг тарихи минг йилликларга оид. Шу боис, Бухорода туризмни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Унга кўра, келгуси беш йилда вилоятда 255 та меҳмонхона, 60 та янги туризм йўналиши ташкил этилади. 800 дан зиёд маданий объектлар реставрация қилинади.
Арк қўрғони Бухоронинг энг кўзга ташланган тарихий обидаси ҳисобланади. У шаҳарнинг ғарбидан шарқига қараб бўй чўзган. 1976-78 йиллари қўрғон ҳудудида ўзбек археологлари тадқиқотлар олиб борганлар. Унга кўра, қўрғон деворлари эрамиздан аввалги IV асрда қурилганлиги маълум бўлган, деб хабар беради ЎзА.
Бухоронинг босиб олиниши натижасида бошқа ёдгорликлар қатори Арк қўрғони деворлари ҳам бузилган. Аркнинг 1,1 га ҳудудида Бухоро давлат музей-қўриқхонаси жойлашган.