Ўзбекистон қонунчилигидан «прописка» ибораси олиб ташланади

Uznews.uz сайти иллюстратив фотосурати

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари қонунчиликдан «прописка» иборасини олиб ташладилар. «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасида мана шу ҳақда сўз юритилади, деб хабар беради парламент матбуот хизмати.

Депутатлар фикрига кўра, «прописка» сўзи маънавий эскирган ва ушбу атама фуқаролар онгида «тўсқинлик қилувчи», «бир жойга боғланган», «эркинликни чекловчи» деган тушунчаларни келтириб чиқаради. Мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларидаги «доимий прописка қилиш» тушунчалари «доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш» тушунчаларига ҳамда «турган жойи бўйича ҳисобга олиш» тушунчалари «вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш» тушунчаларига алмаштирилади.

Иборалар ўзгариши «прописка» институтини ўзгартирмаса керак. Тошкент шаҳар Ички ишлар органлари ходимлари ҳануз вилоялардан келган одамларнинг ҳужжатларини текширадилар. Агар фуқаронинг паспортида вилоят «прописка»си бўлса, унинг пойтахтда иш топиши ҳанузга қадар мураккаблигича қолмоқда.

Шунингдек, депутатлар Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида фуқаро ID-картани олиш ёки алмаштириш юзасидан ўз вақтида мурожаат қилмаганида, уни яроқсиз ҳолга келтирганида ва йўқотиб қўйган тақдирда, маъмурий жавобгарликка тортилиши билан боғлиқ қоидани ҳам чиқариб ташладилар.

2020 йил январь ойида президент Шавкат Мирзиёев парламент ва ҳукуматга халқаро тажрибадан келиб чиқиб прописка тизимини ислоҳ қилиш юзасидан топшириқ берганди. 2020 йил 1 апрелдан пойтахтда доимий пропискада бўлмаган, республиканинг бошқа ҳудудларида яшовчи одамларга Тошкент шаҳри ва вилоятидан кўчмас мулк сотиб олишга рухсат берилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ