Шу йилнинг 15 ноябридан бошлаб Россиянинг Red Wings авиакомпанияси Ростов-на-Дону – Тошкент йўналиши бўйича авиапарвозларини бошлайди. Бу ҳақда авиакомпаниянинг матбуот хизмати хабар беради.
Рейсларни амалга ошириш учун 180 та йўловчини сиғдирадиган Airbus 320 лайнеридан фойдаланилади. Рейслар ҳафтанинг душанба кунлари амалга оширилади.
2018 йил май ойидан Red Wings самолётлари Москванинг «Домодедово» аэропортидан Навоий, Наманган ва Фарғона шаҳарларига уча бошлаган. 2019 йил июль ойидан авиакомпания Москвадан Самарқандга рейслар уюштира бошлади. Парвозлар 2020 йил март ойида коронавирус сабаб Ўзбекистон ҳукумати қарори билан тўхтатилди.
Россия ва Ўзбекистон ўртасида мунтазам авиапарвозлар 2021 йил 1 апрелда тикланди. Парвозлар харитасига кўра, Red Wings авиакомпанияси Бухоро (Москва билан боғлиқ), Самарқандга (Москва, Нижнекамск, Симферополь, Белгород), Фарғона (Москва, Симферополь, Белгород) ва Тошкент (Москва, Ростов-на-Дону, Санкт-Петербург) йўналишларига чипталар сотмоқда.