«Ўзтрансгаз» газ қувурларини таъмирлаш учун Газпромбанкдан $300 млн қарз олади

Газпромбанк матбуот хизмати фотосурати

Газпромбанк (Россия) «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамиятига $300 млн миқдорида кредит ажратади. Маблағ 545 км газ қувурларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ишларига сарфланади. Бу ҳақда Россия банкининг матбуот хизмати хабар беради.

Газпромбанк ва Россия экспорт суғурта агентлиги (ЭКСАР) ўртасида имзоланган келишув Ўзбекистондаги магистрал газтранспорт тизимини модернизация қилиш, унинг қувватини оширишга хизмат қилади. «Айниқса бу куз-қиш мавсумида аҳоли ва иқтисодиётни мунтазам газ билан таъминлашда муҳимдир», — дейди «Ўзтрансгаз» бошқаруви раиси Беҳзот Норматов.

2021 йил апрелида Газпромбанк ВЭБ.РФ, ЭКСАР, Ўзбекистон Молия ва Энергетика вазикликлари, шунингдек «Ўзтрансгаз» АЖ билан кўп томонлама шартнома тузганлиги тўғрисида хабар берилганди. Унда Ўзбекистондаги газтранспорт тизимини модернизация қилиш учун $618 млн миқдорида кредит ажратилиши кўзда тутилган. Шу билан бирга ушбу кредитнинг 50 фоиздан кам бўлмаган қисми Россия маҳсулотлари ва хизматлари экспортини қоплаш учун ишлатилиши лозим эди.

Газпромбанк беш йилдан бери Ўзбекистондаги лойиҳаларни молиялаштириб келади. 2017 йил 2 ноябрда РФ Бош вазири Дмитрий Медведевнинг Тошкентга расмий ташрифи чоғида Газпромбанкнинг Ўзбекистондаги шериклари билан ҳамкорлик борасида қатор шартномалар имзоланганди. Жумладан, томонлар структурали молиялаштириш бўйича россия-ўзбек марказини ташкил этиш, Шўртан газ-кимё мажмуасининг тозаланган метани базасида сунъий ёнилғи ишлаб чиқариш, Жиззах вилоятида нефтни қайта ишлаш комплексини барпо этиш бўйича келишиб олгандилар.

2019 йили Газпромбанк евробондларни жойлаштириш бўйича инвесторларнинг Ўзбекистон вакиллари билан учрашувини уюштирган эди. 2021 йил апрелда банкнинг Сурхондарё вилоятидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» газ кони билан боғлиқ $1,75 млрд миқдоридаги лойиҳани қисман молиялаштириши маълум бўлди.

2021 йил июнда Газпромбанк Ferkensco Management Limited холдинг компанияси билан Ўзбекистондаги учта завод қурилишини молиялаштириш бўйича шартнома имзолади, бундан ташқари у $800 млн баҳоланган Jizzakh Petroleum газ-кимё мажмуасини молиялаштириш бўйича меморандум аъзоси бўлди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ