Қашқадарёдаги қадимий масжидда музей ташкил этилди

Собиқ Одина масжиди. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Қашқадарё вилояти Қатағон қурбонлари хотираси музейи собиқ масжид биносидан ўрин олди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати Шавкат Мирзиёевнинг давлат раҳбари лавозимига номзод сифатида вилоятга қилган сафари доирасида хабар беради.

Одина масжиди 1386 йилда Соҳибқирон Амир Темур томонидан бунёд этилган ( бошқа манбаларга кўра, у XVI асрда қурилган). 1868 йили Чор Россияси босқини даврида масжиднинг айвон қисми тўпга тутилиб, вайрон қилинган. Мустабид тузум даврида дастлаб омборхонага, 1938 йилдан қамоқхонага айлантирилган, — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

«Мустабид тузум даврида халқимизнинг қадр-қиммати, инсоний шаъни ва ғурури оёқости қилинган. Шундай табаррук жойнинг қамоқхонага айлантирилгани ҳам бунга мисол. Биз бугун мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Ўтганлар ҳурматини ҳам жойига қўйишимиз керак. Бу ерда Қатағон қурбонлари хотираси музейи ташкил этилгани — тарихий адолатнинг тикланиши», — деди Мирзиёев Қарши шаҳрига ташрифи чоғида.

Uzbekistangid.ru сайти маълумотига кўра, масжидда аёллар ибодат қилганлар ва унинг ёнидаги мадрасада таълим олганлар. Кейинги пайтлар масжид биносидан тарихий музей ўрин олган бўлиб, унда 16 асрда ҳукм сурган Шайбонийлар сулоласига доир экспонатлар жойлаштирилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 октябрдаги фармойишига мувофиқ бу жой қатағон қурбонлари музейига айлантирилди.

Музей 11 та бўлимдан иборат. Уларда Туркистон ўлкасида олиб борилган мустамлакачилик сиёсати ва қатағонларни акс эттирувчи ноёб тарихий фотосуратлар, хариталар, ашёлар ва бошқа манбалар акс эттирилган.

Шунингдек, музейда ёшлар клуби ҳамда кутубхона ташкил қилинган.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълумотига кўра, 1937-53 йилларда Ўзбекистонда 100 минг одам қатағонга учраган, уларнинг 13 минг нафари шафқатсиз отиб ташланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ