Росздравнадзор (Россия соғлиқни сақлаш тизимининг назорат ташкилоти) хорижда таълим олган ва Россияда ишлаш иштиёқида бўлган шифокорлар учун имтиҳон топширишнинг янги тартибини ишлаб чиқди, деб хабар беради «Коммерсантъ».
Ташкилот ушбу норматив актни Адлия вазирлигига рўйхатдан ўтказиш учун юборган, шундан сўнг у жамоат муҳокамасига қўйилади.
Ҳужжатга кўра, чет эл фуқароси бўлган шифокор мутахассислигини тасдиқловчи ва рус тили, ватан тарихи ва қонунчилик асосларидан имтиҳон топширганлик тўғрисида ҳужжатларга эга бўлган тақдирдагина Россия ҳудудида тиббиёт ва фармацевтика соҳасида меҳнат фаолиятини юритиш ҳуқуқига эга бўлади.
Сентябрь ойида Меҳнат вазирлиги чет элликларнинг Россия фуқаролигини тезликда олиш учун керак бўлган касблар рўйхатини кенгайтирди. Рўйхатга ўнлаб касблар, жумладан тиббиёт соҳасида — болалар жарроҳи, врач-инфекционист, кардиолог каби мутахассисликлар киритилган. Мазкур рўйхат 2019 йили кенг таҳрир қилиниб, уни 61 позицияда кенгайтирган эдилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича президент Кенгаши раҳбари Валерий Фадеев рўйхатнинг кенгайтирилишига маҳаллий врачларнинг етишмаётгани сабаб бўлаётганини таъкидлайди. Шу билан бирга, у хориж шифокорларини мутахассисликни текширмай туриб ишга қабул қилиш «масъулиятсизлик» эканига урғу берди. «Коммерсантом» билан суҳбатда Фадеев гап чет эллик мутахассисларни дискриминация қилиш эмас, Россия соғлиқни сақлаш тизимида четдан врачлар жалб қилишга масъулиятли ёндошиш борасида эканини таъкидлаган.
Россияда шифокорларнинг етишмаётгани тўғрисида ўтган ҳафта Соғликни сақлаш вазирининг ўринбосари Татьяна Семенова ҳам гапириб ўтганди. Ундан олдин Бош вазир ўринбосари Татьяна Голикова мазкур тизимда кадрлар танқислиги энг катта муаммо эканига урғу берганди.