Мирзиёев ўзбек-афғон чегарасидаги вазиятдан ҳар куни хабардор бўлиб туришини айтди

podrobno.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳар куни Ўзбекистон ва Афғонистон чегарасидаги вазият тўғрисида маълумотлар олишини маълум қилди. Бу ҳақда президентнинг ўзи Қашқадарё вилояти аҳолиси билан бўлган учрашувда гапириб берди, деб хабар беради «Газета.uz» нашри.

«Эрталаб туриб Ўзбекистон-Афғонистон чегараларида нима бўлди, деб сўрайман. 30−40 дақиқа менга чегараларимиздаги вазият ҳақида хабар беришади. [Афғонистоннинг] янги раҳбарлари билан музокара олиб боряпмиз. Ўтираверсак, вазиятни бизга ҳеч ким айтмайди. Жафокаш афғон халқига қўлимиздан келганча ёрдам беришга тайёрмиз», — дейди президент.

«Қўшни танланмайди, у Худонинг бергани. Бизнинг ягона мақсадимиз — Ўзбекистонга Афғонистондан ўқ отилмасин», — деб таъкидлади президент.

Август ойининг охирида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда икки йил олдин Афғонистондаги вазият қандай ривожланишини башорат қилишганини, шу сабабли ҳам у «Толибон»* билан мулоқотни бошлашга топшириқ берганлигини, у пайтда ҳали ҳеч қайси давлат ушбу ҳаракат билан гаплашмаганлигини маълум қилган эди.

«Менга халқимнинг тинчлиги керак, осойишталиги керак. Фақат ва фақат ўзбек халқимнинг, жонажон Ўзбекистоннинг тинчлигига таъсир кўрсатадиган омил бўлса, ким бўлишидан қатъи назар мулоқотга киришишга тайёрман», — деганди Мирзиёев. У ўзбек армияси ҳар қандай вазиятга тайёр эканини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, 26 сентябрь куни Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегарасида хизмат ўтаётган бир ўзбек аскари ҳалок бўлган. Мирзиёевнинг сўзларига кўра, у наркобароннинг чегарани кесиб ўтишига йўл қўймаслик оқибатида ҳалок бўлган.

* «Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина мамлакатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ