Ўзбекистонда 2021-2022 йиллари 310 та янги автобус йўналишлари ташкил этилади. Улар қишлоқ аҳоли пунктларини туман марказлари, шунингдек туманларни вилоят марказлари билан боғлайдилар. Жумладан, 60 та шаҳар бўйлаб, 193 шаҳар чети ва 57 та (вилоятлар ичида) шаҳарлараро йўналишлар ишга туширилади. Вазирлар Маҳкамасининг «Ҳудудларда жамоат транспорти фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида мана шу ҳақда сўз юритилади, деб хабар беради Norma.uz.
Ҳужжатда ўрнатилган тартибга кўра, вилоятларда тижорат асосида йўловчиларни ташиш хизматлари кўрган зарар маҳаллий бюджетдан қопланади. Норентабель автобус йўналишлари бўйича субсидия ажратиш Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳокимликлари ҳузурида ташкил этиладиган ҳудудий комиссияларнинг қарорларига асосан амалга оширилади.
Тижорат банкларига ҳудудлардаги ташувчиларга автобус ва микроавтобуслар ҳаридини молиялаштириш учун мақбул шартларда ҳамда Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасининг 1.5 бараваридан ошмаган фоизда кредитлар ажратиш тавсия этилади.
Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан кредит суммасининг 50 фоизигача 8 млрд сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда кафиллик берилади. Тижорат банклари томонидан ташувчиларга ажратилган кредит ставкасининг 5 фоизли пунктдан ортиқ бўлмаган қисми қоплаб берилади.
Қарорда кўрсатилишича, 2017 йилдан 2021 йилгача республикада 2095 та янги автобус сотиб олинган, 430 та автобус йўналишлари очилган. Транспорт ва Қурилиш вазирликлари биргаликда вилоятлар, шаҳар ва туман марказларидаги автобус бекатларининг намунавий лойиҳаларини ишлаб чиққан.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда аҳолининг 22 фоиши автобуслардан фойдаланади. Бу борада энг паст кўрсатгич — Андижон, Қашқадарё, Наманган, Хоразм, Самарқанд, Фарғона, Бухоро ва Тошкент вилоятларида кузатилади. Республикада 1,2 мингта қишлоқ туман марказлари билан автобус йўналишлари орқали боғланмаган.



