Тошкентга россиялик тиббиёт мутахассислари ташриф буюрдилар. Улар Россия қурилиш майдонларида ишлашни хоҳлаган Ўзбекистон фуқароларини тиббий кўрикдан ўтказадилар. Бу ҳақда РФ Федерал тиббиёт-билогия агентлиги (ФТБА) матбуот хизмати хабар беради.
ФТБА тиббиёт гуруҳи 40 кун ичида 10 мингта фуқарони кўрикдан ўтказади. Агентлик мутахассислари лаборатория (COVID-19га ПЦР-тест, ВИЧ, ХТИ) тадқиқотлари, ўпкани флюорография қилиш ишларини олиб борадилар.
Ҳозирча Тошкентга ФТБАнинг бир қисм шифокорлари етиб келди. Россиялик мутахассислар Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари вакиллари билан учрашиб, тиббий кўрик жойларини жиҳозлашга доир масалаларни муҳокама қилдилар. Улар, шунингдек тиббиёт ходимлари яшайдиган жойларни бориб кўрдилар.
«Мазкур лойиҳани амалга ошириш биз учун муҳим аҳамиятга эга, зеро биз бунга етиш учун тўрт йил йўл босдик ва барча масалаларни теран ўрганиб чиқдик. Биз учун бу халқаро ҳамкорликнинг янги босқичи саналади. Умид қиламизки, республикамизда олиб борадиган ишларингиз ижобий ва самарали кечади, шунингдек у истиқболга эга бўлади», — деди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов россиялик меҳмонлар билан учрашувда.
Яқин кунларда Сибир федерал округидан фтизиатр, терапевт, инфекционист, рентгенолог, психиатр-наркологлар, шунингдек ўрта тиббий персоналлардан иборат 30 нафар мутахассис ташрифи кутилмоқда.
ФТБА мутахассисларининг Ўзбекистонга ташрифи РФ ҳукуматининг ўзбекистонликларни ишга жалб этиш лойиҳаси доирасида амалга оширилди. Лойиҳа Россия Бош вазири Михаил Мишустин томонидан 7 октябрда тасдиқланган. РФ Меҳнат вазирлиги, ИИВ, ТИВ, Қурилиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ФҲВ ва бошқа ташкилотлар лойиҳа иштирокчилари ҳисобланади.
Бундан олдин Россия УЖКХ вазири ўринбосари Никита Стасишин ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари нафақат уй-жой қурилишларига, балки инфратузилма лойиҳаларига, жумладан «Восточный» космодром объектларига ҳам жалб қилинишини маълум қилганди. Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг маълумотларига кўра, 34 нафар ўзбекистонлик космодромга юборилган, яқин орада яна 77 та ишчи у ерга юборилади. Ишчиларнинг йўлкира, ишга рухсатнома (патент) ва озиқланиш билан боғлиқ ҳаражатлари Иш берувчи томонидан қопланади.
Стасишин сўзларига кўра, тажриба лойиҳасига жалб қилинган ўзбекистонликлар учун патент етти кун ичида берилади. Унда меҳнат мигранти ишлайдиган компания номи кўрсатилади. Агентлик сентябрда патентлар Ўзбекистон ҳудудида берилишини эълон қилди.
Россия Меҳнат вазирининг ўринбосари Россияга келган барча ишчи мигрантлар
«Спутник-Лайт» вакцинаси билан эмланишини таъкидлади.
Бундан олдин биргина Россия уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида 3 млн одам етишмаётгани айтилганди.