Афғонистоннинг нафақат хавф-хатар ва таҳдидлар, балки минтақавий конструктив ва яратувчан лойиҳаларга асос бўладиган янги имкониятлар манбаси эканини назарда тутиш лозим. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов «Правда востока» газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди.
«Биз Афғонистон халқаро изоляцияга тушиб қолиши ва жанубий чегарамизда “яккалаб қўйилган” давлат пайдо бўлишига, ўтган асрнинг 90-йиллари охиридаги аҳвол такрорланишига йўл қўймаслик Ўзбекистон манфаатларига мос келади, деб ҳисоблаймиз», — деди ТИВ раҳбари.
Комилов Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамини бериш зарурлигини таъкидлади. «Биз бу мамлакат билан чегарани очдик ва биринчи галда зарур бўлган маҳсулотлар — озиқ-овқат, нефт маҳсулотлари ва электр энергияси етказиб беришни қайта йўлга қўйдик. Шунингдек, расмий Тошкент Афғонистоннинг хорижий банкларда музлатиб қўйилган давлат активларини қайта очишни ёқлайди ҳамда жаҳон ҳамжамиятини Афғонистонда ижтимоий, иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни давом эттиришга даъват этмоқда», — дейди Комилов.
Афғонистонга ижтимоий-иқтисодий кўмаклашишни давом эттириш ва ривожланиш лойиҳаларини амалга ошириш гуманитар инқирознинг олдини олиш, вазиятни барқарорлаштириш ва мамлакатнинг низодан кейинги қайта тикланиши учун ўта муҳим мсала ҳисобланади. «Бундай вазифаларни ҳал қилмай туриб, ушбу мамлакатда ва қўшни минтақаларда узоқ муддатли барқарорликни таъминлаш амалда мумкин эмас. Ўзбекистон Афғонистоннинг тинч ва мустақил давлат сифатида қарор топишидан манфаатдордир», — деди Ташқи ишлар маҳкамаси раҳбари.
Комиловга кўра, «Афғонистон Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик мустаҳкамланиши учун тўсиқ эмас, балки кўприк бўлмоғи лозим. Бунга халқаро ҳамкорларимиз билан биргаликда бундан кейин ҳам илгари суришни ният қилаётган трансафғон транспорт-коммуникация лойиҳалари кўмаклашади».
7 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Қобулга ташриф буюрди ва у ерда Афғонистон муваққат ҳукумат раҳбарининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Мулла Абдул Кабир ва Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Мавлавий Амирхон Муттақий билан музокаралар олиб борди.
۲ برخه pic.twitter.com/9Da9bMlbeh
— Zabihullah (..ذبـــــیح الله م ) (@Zabehulah_M33) October 8, 2021
Томонлар яқин орада Термиз шаҳрида савдо-иқтисодий масалаларини, жумладан, “Сурхон – Пули Хумри” электр узатиш тармоқлари ҳамда “Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” йўналиши бўйлаб темир йўл қуриш лойиҳаларини амалга оширишни муҳокама қилиш учун қўшма музокаралар ўтказишга келишиб олдилар.
«Биродар Ўзбекистон хавфсизлигига Афғонистон ҳудудидан ҳеч қандай таҳдид бўлмаслиги расмий Кобул томонидан қатъий билдирилди», – дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.