Ўзбекистон ТИВ раҳбари Қобулга ташриф буюрди

Абдулазиз Комилов (чапда) ва Амир Хон Муттаки Қобул шаҳрида. Twitter тармоғи фотосурати

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 7 октябрь куни Қобулга ташриф буюрди ва у ерда «Толибон»* радикал ҳаракати томонидан ташкил этилган Афғонистон ҳукуматининг Ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттаки билан учрашди. Бу ҳақда радикал ҳаракат вакили Абдул Қаҳҳор Балхи (Abdul Qahar Balkhi) Twitterдаги саҳифасида хабар берди.

Шунингдек, Балхи учрашув фотосуратини эълон қилди. Унда олий мартабали чет эл меҳмони билан учрашувда толибларнинг биринчи бор ўзга давлат — Ўзбекистон байроғини ўрнатганларини кўриш мумкин.

Томонлар икки давлат муносабатларини барқарорлаштириш масалаларини муҳокама қилдилар.

«Комилов Афғонистон Ислом Амирлиги ** тез орада халқаро ҳамжамият ўртасида мустаҳкам ўрин эгаллашига умид билдириб, Ўзбекистон транзит, энергетика, савдо соҳаларида аввалгидек ўз мажбуриятларига содиқ қолишини қайд этди», — деб ёзади ўз саҳифасида Балхи. У Муттакининг Мозори-Шариф аэропортини реконструкция қилгани учун Ўзбекистонга миннатдорчилик билдирганини қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, сентябрда Термизда Афғонистонга гуманитар ёрдам бериш бўйича бош логистик марказ барпо этилди.

Шунингдек, сентябрда Ўзбекистон қўшни давлатга 1300 тонна инсонпарварлик ёрдамини юборди. Гуманитар ёрдам «Ҳайратон» чегара пости орқали темир йўл билан етказиб берилди. Толиблар Ўзбекистондан келтирилган озиқ-овқат маҳсулотлари, медикамент ва кийим-кечакларни турли афғон вилоятларидаги ёрдамга муҳтож одамларга тарқатишини маълум қилдилар.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

** «Толибон» 1996 йилдан 2001 йилгача Афғонистонда ҳукм сурган пайтдаги сиёсий тизим номи. Толиблар 2021 йил августда қайтадан иқтидорга келганидан сўнг ушбу номдан яна фойдалана бошладилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ