Ўзбекистон президентининг Россияга давлат ташрифи ноябрь ойига белгиланди

Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин, Ўзбекистон президентининг Россияга давлат ташрифи. 2017 год. Rg.ru сайти фотосурати

Шавкат Мирзиёев 2021 йил ноябрь ойида Россияда давлат ташрифи билан бўлади. Бу ҳақда 7 октябрь куни икки давлат раҳбарининг телефон орқали мулоқоти пайтида маълум бўлди.

Бу хабар ўзбекистонлик интернет фойдаланувчиларининг ишончсизлик руҳдаги изоҳларига сабаб бўлди: «октябрда ўтадиган сайлов нима бўлади? Бизсиз ҳамма нарса ҳал қилинганми?» каби. Ўзбекистон Сайлов кодексига кўра, президент сайлови натижалари эълон қилинган кун ва сайловда ғолиб бўлган шахснинг амал курсига ўтириши ўртасида икки ой муддат мавжуд ва бу пайтда амалдаги президент ўз вазифасини ўташда давом этади.

Икки президентнинг телефон орқали мулоқотига Владимир Путиннинг туғилган куни сабаб бўлди. Мирзиёев ҳамкасбини табриклади, шундан сўнг президентлар икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ва уларнинг кейинги ривожини муҳокама қилдилар.

Жумладан, суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Россиянинг етакчи корхона ва банклари иштирокида янги лойиҳалар амалга оширилаётгани, «Спутник V» вакцинасини биргаликда ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани, Тошкент кинофестивали доирасида Россия киноси кунлари ўтказилгани, Тошкентда Бутунроссия кинематография институти филиалининг очилгани ва бошқа масалалар тилга олинди.

Шунингдек, Мирзиёев ва Путин «халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан, жумладан Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши нуқтаи назаридан фикр алмашдилар», дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.

Мирзиёевнинг Россия Федерациясига давлат ташрифи 2019 йил октябрда маълум бўлганди. Сенат раисининг ўринбосари Содиқ Сафоев «ташриф келаси йил амалга оширилади» деганди. Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов РИА Новости агентлигига берган интервьюсида Ўзбекистон президенти февраль бошида Москвага ташриф буюришини айтганди. Ўшанда Россия Федерация Кенгаши спикери Валентина Матвиенко ташриф санасини тасдиқлаб, унда 12 та давлатлараро ва ҳукуматлараро ҳужжатлар имзоланишини таъкидлаганди.

2020 йил январда РФ Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашган Мирзиёев ташриф июль ойига кўчирилганини маълум қилганди. 2021 йил март ойида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Лавров билан музокарада ташриф 24 октябрдаги президент сайловидан сўнг амалга оширилиши мумкинлигини таъкидлаганди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Россияга аввалги ташрифи 2017 йил апрелида бўлиб ўтганди. 2018 йил октябрда Владимир Путин Ўзбекистонда давлат ташрифи билан бўлганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ