Россия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасаддилари ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ерни қишлоқ хўжалиги экинлари учун ижарага бериш масаласини муҳокама қилдилар. Бу ҳақда РБК хабар беради.
«Россия Федерацияси субъектлари ҳудудида чет эл инвесторлари томонидан ўсимликларни етиштиришга доир инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан ерни қишлоқ хўжалиги экинлари учун ижарага бериш қоидалари ўзбек томонига тушунтирилди», — дея таъкидлайдилар вазирлик вакиллари. Улар ушбу масала федерал қонунчиликни бузмаслигини қўшимча қилдилар.
Октябрь бошида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги эҳтиёжга керак бўлган қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун россия далаларини ижарага олиш истагини билдирганди. Гап ёғ маҳсулотлари берадиган усимликлар, соя, буғдой ҳақида борган. Ушбу масала Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев ва Россия Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Сергей Левин томонидан видеоконференция орқали муҳокама қилинди.
Хўжаев дастлаб «ўзароҳамкорлик алоқалари ва механизмларини ўрнатиш, кейинчалик ҳосилни Ўзбекистонга олиб чиқиш мақсадида» россиядан 35 минг гектар ерни ижарага олишни таклиф қилди. Яқин йилларда бу майдон 300-500 минг, истиқболда 1 млн гектаргача етказилиши режалаштирилган.
Ўз навбатида Левин Россияда қишлоқ хўжалиги ишларини олиб бориш учун 8-13 миллион гектар ер мавжудлиги ва РФ субъектларидан 23 таси мазкур лойиҳага қизиқиш билдирганини маълум қилди.
Лойиҳанинг аниқ механизми ва уни амалга ошириш муддати шу йилнинг октябрь ойида ўзбекистонлик ишчи гуруҳининг Россияга ташрифи чоғида муҳокама қилинади.
Ер масаласи анча бери муҳокама қилинмоқда. Июнь ойида Москвада бўлиб ўтган ҳукумат раҳбарлари даражасидаги иккинчи Қўшма комиссия мажлисида Хўжаев ҳамкасби Дмитрий Патрушев билан мазкур масалани муҳокама қилганди. Авгут ойида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги россия томонига қишлоқ хўжалиги экинлари рўйхати ва уларни етиштириш учун керакли ер майдонига доир ҳисобларни юборган эди.