Қурилишда ишлайдиган мигрантлар мутахассислик бўйича имтиҳон топширадилар

Region.center сайти фотосурати

Россияга қурилишда ишлаш учун келган ишчи мигрантларни мутахассислик бўйича имтиҳондан ўтказиш кўзланмоқда. Бу ҳақда Қурувчилар миллий уюшмаси (НОСТРОЙ) президенти Антон Глушков ТАСС агентлигига хабар беради.

«Россия ҳудудига оммавий равишда киритиладиган чел эл ишчилари эмланиш ва ИИВ текширувидан ташқари бизларга имтиҳон топширадилар. Келгуси ҳафта синов имтиҳонлари ўтказилади. Унинг натижасига кўра, бизлар ишчининг билим даражасини аниқлашимиз, ўтиш балларига қараб Россиядаги қурилиш майдонларига меҳнатга жалб қилишимиз керак бўлади», — дейди Глушков.

Имтиҳон саволлари 80 фоиз танланган касб ва 20 фоиз меҳнат муҳофасига доир бўлади. У ихтиёрийдир. «Бироқ, мустақил имтиҳонимиз ишчининг мутахассислик бўйича билимини тасдиқлаган ҳолда Иш берувчига маълум маънода кафолат беради», — дея аниқлик киритди Глушков.

Кейинчалик НОСТРОЙ мингрантлар мутахассислигига доир очиқ реестр тузади. Унинг ёрдамида чет эллик ишчи кадрлар электрон базаси шаклланади ва бу орқали қурилиш компаниялари ўзларига ишчиларни танлаш имкониятига эга бўладилар.

Ўзбекистонлик мигрантлар тест режимида имтиҳон топширадилар. Ноябрда оммавий равишда ишчилар мутахассислигини текшириш ишлари бошланади.

Глушковнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон бир пайтнинг ўзида Россия қурилиш майдонларига 40 мингта ишчи мутахассис етказиб бериши мумкин. «Вазифамиз — бир меёрда талабни қондириш, зеро Россия ҳудудида йил давомида қурилиш ишлари олиб борилади», — дейди уюшма раҳбари.

2021 йил сўнггига қадар НОСТРОЙ Тожикисон ва Беларусдан келадиган мигрантларни ҳам мутахасислик бўйича кўрикдан ўтказиш ниятида. Глушков таъкидлаганидек, Россия қурилишларида ишлаётган қурувчи мигрантларнинг 80 фоизи Ўзбекистон, Тожикистон ва Беларусь фуқароларидир.

Бундан олдин Россия уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида 3 млн одам етишмаётгани айтилганди. Сентябрда Россия Қурилиш вазирлиги Ўзбекистон ҳукумати билан мигрантларни чартер поездлари билан Россиядаги қурилиш майдонларига етказиш борасида келишув имзолаганди. 2021 йил сўнггига қадар тажриба сифатида ўзбек ишчиларини ташиш режалаштирилган. Сентябрь ойи сўнггида Ўзбекистон Ташки меҳнат миграция агентлиги Россия Федерациясининг бир қатор салоҳиятли иш берувчилари томонидан Ўзбекистон фуқаролари учун қурилиш соҳасида 10 мингта бўш иш ўринлари таклиф қилиниши ва Россияда ишлаш ҳуқуқини берувчи патент Ўзбекистонда расмийлаштирилишини маълум қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ