Ўзбекистонда Марказий Осиёдаги энг йирик ИЭС модернизацияси якунланди

СИРДАРЁ ИЭС. «ИССИҚЛИК ЭЛЕКТР СТАРЦИЯЛАРИ» АЖ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

«Иссиқлик электр станциялари» АЖ матбуот хизмати Марказий Осиёдаги энг йирик — Сирдарё иссиқлик электр станциясининг модернизацияси якунланганини хабар қилади. Сирдараё ИЭС 9-сонли энергоблок модернизация ишларидан кейин ягона энерготизимга уланиши билан станцияда давом этган 3 йиллик модернизация жараёни тугаган.

«Мамлакатимиз аҳолисига сифатли электр энергияси етказиб бериш билан бир қаторда, станцияда ишлаб чиқариш қувватларининг барқарорлиги таъминланади», — дейди «Иссиқлик электр станциялари» АЖ бошқаруви раиси Фарҳод Абдураҳмонов.

Сирдарё ИЭС — $146 млн (аввали лойиҳанинг қиймати $187,34 млн кўрсатилган) қийматидаги йирик инвестицион лойиҳадир. Лойиҳа Россиянинг энергетика технологияларини ишлаб чиқариш соҳасида етакчи бўлган “Силовые машины” компанияси мутахассислари билан ҳамкорликда амалга оширилган.

«Бажарилган ишлар натижасида ҳар бир энергоблокнинг қуввати 300 МВтдан 325 МВтга етказилди, 1 кВт соат учун шартли ёқилғи сарфи 40 граммга камайди, натижада уч босқичли модернизация ишлари якунида йилига 270 миллион кубометр табиий газ тежалишига эришилади. Модернизация қилинган энергоблокларнинг хизмат даври камида яна 20 йилга оширилиши таъминланади», — дейди станция бош директори Баҳодир Нурдинов.

Модернизация жараёнлари натижасида республика истеъмолчиларига электр энергияси етказиб бериш ишончлилиги ва миқдори оширилиши билан бирга, ёқилғи ресурсларини тежаш ҳисобига аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ва иқтисодиёт тармоқларига қўшимча табиий газ етказиб бериш имконияти пайдо бўлиши айтилган АЖ матбуот хизмати хабарида.

Сирдарё ИЭС 1981 йили қурилган. Унинг қуввати 3000 МВт (ўнта энергоблокка эга), ишлатиладиган ёнилғиси — табиий газ, резерв ҳолатда — мазут. 2001 йили корхона «Сирдарё иссиқлик электр станцияси» акциядорлик жамиятига ўзгартирилган. Қимматбаҳо қоғозларнинг 51,02% «Ўзбекэнерго» га, 48,02% — давтлатга ва 0,96% — станциянинг меҳнат коллективига тегишли.

Шу билан бирга Сирдарёда яна битта ИЭС қурилмоқда. Хитойнинг China Gezhouba Group Corporation (CGGC) компанияси 1500 МВт қувватга эга иссиқлик электр станциясини қуриб, «тайёр ҳолда» топширади. Электр станцияси Сирдарё вилоятининг Боёвут тумани ва Ширин шаҳрида жойлашади. Лойиҳада Саудия Арабистонининг Acwa Power компанияси ҳам иштирок этади. У Сирдарё вилоятида 1250 МВт қувватга эга иккита буғ-газли мосламани қуриб битказади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ