Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси «Saylov2021» мобил иловасини тақдим этди. Уни нафақат Google Play тизими орқали, балки iOS операцион тизими орқали ҳам бепул юклаб олиш мумкин.
«Мобил иловада сайловларга оид барча янгиликлар бўлиб, улар кунма-кун янгиланиб боради. Шунингдек, у ерда сайловчи, сайлов комиссияси аъзоси, кузатувчилар, номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари учун барча зарур ҳуқуқий ахборотлар мавжуд», — дейилади МСК хабарида.
Ўзбекистон президенти савлови 2021 йил 24 октябрга белгиланган. «Миллий тикланиш» демократик партиясидан Алишер Қодиров, Ўзбекистон Экологик партиясидан Нарзулла Обломуродов, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Мақсуда Ворисова, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан Баҳром Абдуҳалимов, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан Шавкат Мирзиёев номзодлари илгари сурилган.
Республикада 14 та сайлов округи ва 10760 та сайлов участкалари ташкил этилди. Ўзбекистонда 21,2 млн одам овоз бериш ҳуқуқига эга.
Муддатидан олдин овоз бериш 2021 йил 14 октябрь куни бошлаб 2021 йил 20 октябрнинг якунига қадар ўтказилади. МСК чет давлатлари ва халқаро ташкилотлардан 224 нафар кузатувчи, 1334 та маҳаллий ва 146 та хориж ОАВ вакилларини рўйхатга олди.