Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида йигирмадан ортиқ шартнома имзоланди

Гурбангули Бердимуҳамедов ва Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи чоғида 23 та ҳужжат имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар беради.

Имзоланган ҳужжатлар ичида Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари Қўшма баёноти, чегарадош ҳудудларда савдо марказларини ташкил этишни назарда тутувчи Ўзбекистон-Туркманистон чегараолди савдо зонасини ташкил этиш ва унинг фаолиятини тартибга солиш тўғрисида битим, Товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ҳамда корхона ва компаниялар ўртасидаги ўзаро манфаатли шериклик алоқаларини кенгайтириш тўғрисида битим, Божхона чегарасидан ўтаётган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисидаги дастлабки маълумотлар алмашишни ташкил этиш тўғрисидаги Баённома ва бошқалар ўрин олган.

«Ўзбекистон – бизнинг яқин қўшнимиз ва стратегик шеригимиз. Кейинги йилларда ҳамкорлик жадал ривожланиб бормоқда. Бу сиёсатда ҳам, савдо-иқтисодий соҳада ҳам, маданий-гуманитар соҳада ҳам ўз аксини топмоқда. Минтақавий ва халқаро масалаларда бир-биримизни қўллаб-қувватлаяпмиз. Чунки мақсадларимиз ҳамоҳанг», — деди Гурбангули Бердимуҳамедов.

Учрашувда давлат раҳбарлари кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик, ўзаро ишонч ва қўллаб-қувватлаш тамойилларига асосланган икки томонлама муносабатларнинг бугунги даражасини юксак баҳоладилар. Етакчилар Ўзбекистон-Туркманистон кўп қиррали ҳамкорлигида мавжуд масалаларнинг бутун доирасини муҳокама қилиб, конструктив сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликни кенгайтириш, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратдилар.

Кейинги тўрт йилда ўзаро савдо ҳажми уч баробарга кўпайиб, 400 миллион доллардан ошди. Жорий йил бошидан товар айирбошлаш яна 25 фоизга ортди.

«Туркменистан сегодня» агентлигининг хабар беришича, 4 октябрда бўлиб ўтган туркман-ўзбек иқтисодий форумида 13 та иккитомонлама ҳужжатлар, шунингдек $13,5 млн миқдорида экспорт-импорт операцияларига доир битим имзоланган. Сентябрда икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмасини $1 млрд.га етказиш борасида режалар қабул қилингани хабар қилинганди.

Бердимуҳамедов ва Мирзиёев турли тармоқларда саноат кооперациясини ривожлантириш, шу жумладан автомобиллар йиғиш, кимёвий маҳсулотлар, электр техникаси ва маиший техника, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, пахта толаси ва мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, логистика инфратузилмасини яратиш борасида келишиб олдилар.

Томонлар транспорт соҳасида ва транзит йўлакларини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олдилар. Ашхобод битимини биргаликда илгари суриш ҳамда Туркманбоши денгиз портининг ноёб имкониятларидан фойдаланишни кенгайтириш муҳим экани таъкидланди.

Икки мамлакат ҳудудларидаги имкониятларни янада тўлиқ ишга солиш муҳим экани қайд этилди. Ҳамкорликнинг янги механизми – Ҳудудлараро форум ўтказишни йўлга қўйиш юзасидан келишувга эришилди.

Шунингдек, томонлар Маданият ва кино кунлари, театрлар ва мусиқий жамоаларнинг ижодий сафарлари, олимларнинг учрашувларини ва шу каби бошқа тадбирларни ташкил этиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Мирзиёев бугунги кунда Ўзбекистонда 200 мингдан зиёд туркман миллатига мансуб фуқаро истиқомат қилаётганини айтди. «Улар ўз тили, маданияти, анъана ва урф-одатларини ривожлантиришлари учун бундан буён ҳам барча шароитларни яратамиз. Ишончим комил, ҳурматли Гурбангули Мяликгулиевич ташаббуси билан Ашхободда барпо этилаётган «Тошкент» боғи халқларимиз дўстлигининг навбатдаги янги рамзи бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Музокараларда Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик бутун Марказий Осиё минтақасида барқарор тараққиёт гарови экани таъкидланди.

«Афғон халқига зарур инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишни давом эттиришга, ушбу мамлакатда муҳим ижтимоий-иқтисодий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишда туркманистонлик шериклар билан фаол ҳамкорлик қилишга тайёрмиз», — деди Ўзбекистон Президенти.

Музокаралар якунида Президентлар Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия ҳамраисларига эришилган келишувларни амалга оширишнинг аниқ механизмларини ўз ичига олган “йўл харитаси”ни тайёрлашга топшириқ бердилар.

Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида дипломатик алоқалар 1993 йили ўрнатилган. Бугунги кунга келиб 221 ҳужжат иккитомонла ҳамкорликнинг ҳуқуқий базасини ташкил этади. 2007 йили Бердимуҳамедов президент бўлганидан кейин икки мамлакат ўртасида 23 марта олий даражада учрашувлар бўлиб ўтди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ