Асирга тушган 13 нафар ҳазора, уларнинг 11 нафари собиқ ҳарбий хизматчиси бўлган ва 17 ёшли қиз «Толибон»* радикал ҳаракати жангарилари томонидан ўлдирилган. Бу воқеа Дайкунди вилояти толиблар томонидан босиб олинганидан сўнг юз берган. 5 октябрь куни Amnesty International ҳуқуқ ҳимояси ташкилотининг эълон қилган маърузасида мана шу ҳақда сўз боради.
Аниқланишича, одамлар 30 августда ўлдирилган. 300 нафар «Толибон» жангариларидан иборат колонна Дайкунди вилоятининг Хидр (Khidr) қишлоғига бостириб киради ва у ерда қуролсиз ҳазораларни қатл қилади.
«Amnesty International ташкилоти йиққан гувоҳларнинг сўзларига кўра, толиблар ҳеч қандай суд ва ҳукмсиз ўзларини асирликка топширган афғон хавфсизлик кучларининг тўққизта аскарини отиб ўлдирадилар. Бу ҳодиса ҳарбий жиноят ҳисобланиши мумкин. Икки фуқаро қочаётган пайтида ўлдирилган, толиблар одамлар томон ўт очганларида 17 ёшли қиз ҳам ҳалок бўлган», — дейилади ҳуқуқ ҳимоячилари маърузасида.
Ҳуқуқ ҳимоячилари қўлга киритилган суратлар ва видео орқали қамлиом содир бўлган жойни аниқлаганлар.
Ижтимоий тармоқларда Дайкунди вилоятида истиқомат қилаётган ҳазораларни толиблар мажбуран уйларидан сургун қилаётганлари тўғрисида хабарлар тарқалган. Қувғин қилинган одамлар бошпанасиз, озиқ-овқатсиз қолганлар. Очликдан азобланаётган ҳазораларнинг нолалари ижтимоий тармоқларда эълон қилинган.
Hazara man, who has been forced by the Taliban to leave his home and land in Daikundi, says he has nothing to eat and no roof to sleep under. https://t.co/yftbXHXGa3
— Asad Kosha (@asad_kosha) October 5, 2021
Ҳазораларнинг бир қисми бошпана топиш илинжида Қобулга йўл олган, бошқалари тоғларда яшашга мажбур бўлмоқдалар.
Толиблар томонидан қувилган ҳазоралар яшаётган лагерь.Twitter тармоғи фотосурати
Шуни қўшимча қилиш лозим, «Толибон» Афғонистонда ҳукуматни қўлга киритгунга қадар шиа масҳабидаги ҳазораларга қарши тез-тез ҳужумлар уюштириб турганлар. Бундан ташқари, Афғонистонда фаолият юритаётган бошқа террорчи гуруҳлар ҳам миллий, диний сабабларга кўра ҳазораларга қарши босқинчилик ҳаракатларини амалга оширганлар.
Бироқ, 15 августда Қобулни эгаллаб олган толиблар матбуот анжумани ўтказиб, унда ҳарбий кураш олиб бормаган одамлардан ўч олмасликларини маълум қилгандилар.
Бундан олдин «Фарғона» кўп аҳолиси ҳазоралардан иборат Бамиан вилоятида толиблар 1990-чи йиллардаги фуқаро урушида ҳазораларга етакчилик қилган Абдул Али Мазари ҳайкалини портлатиб юборганларини ёритганди. Мазари 1995 йили алдов йўли билан асирга олинган ва «Толибон» жангарилари уни вертолётдан ерга улоқтириб ташлаганлар.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).