Толиблар Қобул масжиди ёнидаги терактдан сўнг пойтахтдаги ИШИД гуруҳини тор-мор қилганлар

Толибларнинг Қобулдаги махсус хизмат аскарлари. Twitter тармоғи фотосурати

«Толибон»* радикал ҳаракатининг жангарилари Масжид ёнида юз берган портлашдан сўнг Қобулдаги ИШИД* гуруҳини тор-мор қилдилар. Бу ҳақда 4 октябрь куни ҳаракатнинг расмий вакили Забиулла Мужоҳид Twitterдаги саҳифасида хабар берди.

3 октябрь куни Қобулдаги Ид Гах масжидида Мужоҳиднинг вафот этган онасига бағишланган мотам маросими пайтида портлаш юз берган. Маросимда «Толибон»нинг кўпгина вакиллари иштирок этган.

Айрим маълумотларга қараганда, терактдан 5 дан 12 нафаргача одам ҳалок бўлган, яна ўнлаб одамлар оғир ярадор бўлганлар.

«Толибон» вакилларининг таъкидлашича, вафот этганлар ҳаракатга алоқаси йўқ, мотамда иштирок этаётган масжид ташқарисидаги одамлар бўлган.

Таъкидлаш жоиз, бу 26 августдан кейин ИШИД уюштирган биринчи терактдир. Маълумки, ундан аввалги — Қобул аэропорти ёнидаги портлашда 169 та афғон ва 13 нафар АҚШ ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлганди.

Масжид ёнидаги портлашувдан сўнг бир неча соат ўтиб толиблар гумон қиланаётган уч кишини қўлга олганларини маълум қилдилар.

Ижтимоий тармоқларда 3 дан 4 октябрга ўтар кечаси пойтахтда отишмалар содир бўлгани тўғрисида хабарлар тарқалди.

Афғонистонда фаолият юритаётган бирорта гуруҳ ушбу терактни ўз зиммасига олмади. Шуни таъкидлаш лозим, толиблар август ўртасида пойтахт Қобулни эгаллаганидан сўнг Афғонистоннинг шарқий виоятларида ИШИД гуруҳлари фаоллашиб қолганди.

ИШИД жангариларининг у ёки бу теракт ёки отишмаларга дахлдор экани тўғрисидаги хабарлар асосан толиблар томонидан берилмоқда.

Масалан, радикал ҳаракат вакилларининг хабар беришича, ўтган кеча Нангархар вилоятида толиблар ва ИШИД жангарилари ўртасида отишмалар содир бўлган. Ижтимоий тармоқларда отишмалар натижасида юз берган ёнғинга оид видео тарқалган.

*РФ ва кўпчилик давлатларда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган ташкилотлар (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ