Афғонистон электр энергияси бўйича қўшни давлатларга $62 млн қарз бўлган

Pixabay.com сайти фотосурати

«Толибон» ҳаракати ҳукуматни эгаллаган Афғонистоннинг электр энергияси бўйича қўшни давлатларга қарзи $62 миллионни ташкил этади. Душанба куни TOLOnews телеканали Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) энергетика корпорациясига таяниб шундай маълумотларни келтирди .

Каналга кўра, корпорация электр энергиясини экспорт қиладиган Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Эронга мактуб йўллаган. Унда қарз тўланиши вада қилиниб, унгача электр энергиясини узмай туриш илтимос қилинган. Шунингдек, DABS БМТнинг Афғонистон бўйича миссиясига мурожаат қилиб, қарзни узишга ёрдам беришини сўраган.

Агар ёрдам берилмаса, компания электрдан қарзини тўлолмаган афғонларга босим ўтказишга мажбур бўлишини айтган.

Куни-кеча Тожикистоннинг Афғонистонга электр энергиясини экспорт қилишни камайтиргани маълум бўлди.

Ҳозирда толибларнинг уринишларига қарамасдан, Афғонистондаги иқтисодий вазият мураккаблигича қолмоқда. Бунга радикалларнинг афғон давлат резервининг ( $9,4 млрд.дан) атиги 0,1 фоизига эгалик қилиши, маблағнинг аксари қисми АҚШ томонидан музлатиб қўйилгани ҳам сабаб бўлмоқда.

Шуни таъкидлаш жоиз, радикаллар тузган ҳукумат фақат ҳаракатга аъзо инсонлардан иборат. Унга 20 йилдан бери партизан урушини олиб борган толиблардан кўра давлат бошқаришда тажрибалироқ бўлган сиёсий кучлар вакиллари киритилмаган.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия конунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ