Ротшильдлар транспорт ва туризм соҳасига сармоялар жалб қилинишига кўмак берадилар

Барон Эрик Ален Роберт Давид де Ротшильд (ўртада). Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Rothschild & Со компанияси Ўзбекистон иқтисодиётининг турли соҳаларига инвесторларни жалб қилиш ишларига кўмак беради. Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ҳамда “Rothschild&Со” Кузатув Кенгаши раисининг ўринбосари барон Эрик де Ротшильд ўртасида бўлиб ўтган музокараларда ушбу масалалар муҳокама қилинди, деб хабар беради республика Энергетика вазирлигининг матбуот хизмати.

Хорижий компания раҳбари манфаатдор хорижий инвесторларни жалб қилган ҳолда йирик давлат корхоналар ва банкларни хусусийлаштириш борасида ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳамда миллий банк тизимини ривожлантириш ҳамда ислоҳ қилишда биргаликда ишлашга тайёр эканини билдирилди.

Rothschild & Со компанияси транспорт соҳасини трансформациялаш, жумладан, Ўзбекистонда инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишга хусусий инвесторларни жалб этишга кўмаклашиш орқали ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирди.

Томонлар металлургия, кимё ва нефть-кимё саноати, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларидаги устувор лойиҳаларни инвестициялар киритишдан олдин биргаликда тайёрлаш ҳамда кейинчалик ушбу лойиҳаларни амалга оширишга хорижий инвесторларни жалб қилиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга ҳам келишдилар.

2020 йил декабрда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Rothschild & Со компанияси Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканини хабар қилганди. Ўшанда вазирликда Rothschild&Со Кузатув Кенгашининг аъзоси баронесса Ариэл де Родшильд билан учрашув бўлиб ўтганди. Музокаралар чоғида томонлар «Ўзбекнефтгаз», «Ўзтрансгаз» ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖларини ислоҳ қилишни давом эттириш соҳасида ҳамкорлик қилиш имкониятларини кўриб чиқиш, келгусида IPOга чиқиш билан бирга мазкур йўналишда консалтинг хизматлари кўрсатиш бўйича келишувга эришгандилар.

Компания Coca-Сola Uzbekistanни хусусийлаштириш ишларида ҳам молиявий маслаҳатчи сифатида иштирок этди.

1811 йилда ташкил этилган Rothschild&Co компанияси Ротшильдлар оиласи томонидан бошқариладиган молиявий холдинг компаниясидир. Қароргоҳи Париж шаҳрида жойлашган. “Rothschild Group” банки гуруҳига “N.M. Rothschild & Sons” (Лондон) ва “Rothschild & Cie Banque” (Париж) компаниялари киради. Гуруҳ фаолиятининг асосини инвестициявий ҳамда корпоратив банк хизматлари, хусусий капитал қўйилмалари, активларни бошқариш, хусусий банк хизматлари ва бошқа соҳалар ташкил этади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ