Россиялик кинорежиссёр Тимур Бекмамбетовнинг «Хўжа Насриддин» лойиҳаси устидан ишлар Ўзбекистон ва Қозоғистонда олиб борилади. Бу борада «Базелевс» кинокомпанияси, Ўзбекистон кинематография агентлиги ва «Қозоқфильм» киностудияси 1 октябрь куни «Ипак йўли дурдонаси» XIII Халқаро Тошкент кинофестивали доирасида шартнома имзолади.
Келишувга кўра, «Базелевс» Ўзбекистон ва Қозоғистонда анимация мактабларини очади ва у келажакда тўлиқ студияга айланади. Бу ерда «Хўжа Насриддин» ва бошқа анимация лойиҳалари устидан ишлар олиб борилади.
«Ўрта Осиё мамлакатларида Хўжа Насриддинни барча яхши кўради ва қадрлайди. Кимдан сўраманг Насриддиннинг ватани шу ерда, дейишади. Эртак ва ривоятларнинг севимли қаҳрамони ҳақида биргаликда анимация фильми олишимиздан мамнунман, маҳаллий рассомлар лойиҳа устидан ишлайдилар», — дейди Бекмамбетов.
Миллий театрда (Москва) намойиш этилган Бекмамбетовнинг «Хўжа Насриддин» қўғирчоқ спектакли бўлажак мультфильмнинг ўзагини ташкил этади.
«Хўжа Насриддин ҳақида ҳикоя унинг эшаги томонидан талқин этилади. Эшак — бош романтик ва донишманд қаҳрамон. У хўжайинининг севимли ёрини Темирланг ҳарамидан қайтариб олишга ёрдам беради. Эшак урғочи эшакни севиб қолади ва очофат пашша билан фалсафий суҳбатлар олиб боради. Эшакдан одам ясаш Насриддиннинг сўнгги истаги бўлиб, уни амалга ошириш имконли туюлади, зеро Насриддин одамларда одамгарчиликни тополмаган эди», — дейилади спектакль ҳақида театр сайтида.
«Эшак – айнан биз бўламиз, у каби яшаймиз, ишлаймиз ва туёқларимиз остидаги чангдан бошқа нарсани кўролмаймиз. Бошимизни юқорига кўтариш учун ҳар биримизга Хўжа Насриддин — дунёни бошдан-оёқ ўзгартирадиган, уни озод этиб, тўғри йўлни кўрсатадиган одам керак... Хуллас калом, мен Насриддин ҳақида эмас, Эшак тўғрисида фильм яратмоқчи бўлдим», — дея Бекмамбетов сўзларини келтиради РИА Новости.
Кинорежиссёр сўзларига кўра, мультфильм намойиши 2024 йил баҳорига мўлжалланган, лойиҳанинг умумий бюджети 500 млн рублдан иборат бўлади.