Тошкентда Бутунроссия давлат кинематография институтининг хориждаги илк филиали очилди

ТОШКЕНТДА БДКИ ФИЛИАЛИНИНГ ОЧИЛИШ МАРОСИМИ. «ФАРҒОНА»ФОТОСУРАТИ

Тошкентда С.А. Герасимов номидаги Бутунроссия давлат кинематография институтининг (ВГИК) хориждаги илк филиали тантанали равишда очилди. Тадбир 1 октябрь — устоз ва мураббийлар куни ва «Ипак йўли дурдонаси» XIII Халқаро Тошкент кинофестивали доирасида бўлиб ўтди.

Тошкентда БДКИ филиалини ташкил этиш 2018 йилги президентнинг «Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида кўрсатиб ўтилганди. 2021 йил 28 августда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мазкур таълим даргоҳини очиш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Кинематография агентлиги ҳудудида филиал учун алоҳида бино ажратилди. Филиалда таълим фаолияти 2021/2022 ўқув йилидан бошланади. Таълим жараёни Кинематография агентлиги билан келишган ҳолда БДКИ томонидан тасдиқланадиган ўқув режа ва дастурлар асосида рус тилида олиб борилади, шу билан бирга унда ўзбек тили ва Ўзбекистон тарихи ўқитилади.

БДКИ ректори Владимир Малишев, РФ Маданият вазири ўринбосари Ольга Ярилова, Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва Ўзбекистон Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдуҳолиқов тантанали равишда лентани кесмоқдалар. «Фарғона» фотосурати

Филиалда икки йўналишда – драматургия ва продюсерлик бўйича таълим берилади. Ўқиш кундузги, сиртқи шаклда ҳамда масофавий тарзда йўлга қўйилади. Битирувчиларга Ўзбекистонда олий маълумот сифатида тан олинадиган Россия Федерацияси давлат намунасидаги БДКИ дипломи берилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ