«Ипак йўли дурдонаси» XIII Халқаро Тошкент кинофестивали доирасида жаҳон киноси тараққиётига улкан ҳисса қўшган ижодкорлар тақдирландилар.
$20 минг миқдорида пул мукофоти кинофорумнинг бешта меҳмонига тақдим этилди. Биринчи мукофот ва фестиваль ҳайкалчаси россиялик кинорежиссёр Никита Михалковга топширилди. Ундан ташқари қуйидагилар тақдирландилар:
Нури Билге Жейлан – Туркиялик кинорежиссёр, Канн кинофестивалининг бир неча бор лауреати. У 2014 йили «Қишки уйқу» фильми учун Канн кинофестивалининг бош унвони -«Олтин зайтун япроғи» мукофоти билан тақдирланган эди.
Айтурган Темирова – Қирғизистон халқ артисти, бу йили ижодий фаолиятининг 50 йиллигини нишонлайди. Унинг «Иссиқ-кўлнинг алвон қизғалдоқлари» (1971) фильмида ижро этган биринчи роли Бутуниттифоқ кинофестивалининг «Энг яхши дебют» унвонига сазовор бўлган. Темирова иштирокидаги машҳур фильмлар сарасига — «Оқ кема» (1975), «Бўри чоҳи» (1983), «Снайперлар» (1985) ва бошқа фильмлар киради.
Сайрам Исаева — Тожикистон халқ артисти, театр режиссёри. У «Тожикфильм» ва «Ўзбекфильм» киностудияларида суратга тушган. Исаева «Рустам ва Суҳроб», «Ўтган кунлар», «Хоразм афсонаси» каби фильмларда роллар ижро этган.
Раж Капур – машҳур ҳинд актёри, режиссёри, продюсери. У «ҳинд Чарли Чаплини», «ўртоқ Дайди», «ҳинд киноси қироли» номи билан дунёга донг таратган. Капур турли фильмларда турли вазифаларни бажарган. Унинг «Дайди», «Жаноб 420», «Тун оғушида», «Сангам» каби фильмлари дунё томошабинлари меҳрини қозонган. XIII Тошкент кинофестивали мукофоти марҳум актернинг ўғли, киноактёр Рандхир Капурга топширилди. Рандхир Капур ўзбек икнематографлари билан учрашувга отасининг бюстини олиб келди ва бу Капурлар сулоласи номидан ўзбек халқига совға эканини айтди.
«Ипак йўли дурдонаси» XIII Халқаро Тошкент кинофестивали 28 сентябрдан 3 октябргача ўтказилади. Ушбу кинофорум ўз навбатида «Халқаро Осиё, Африка ва Лотин Америкаси кинофестивали»нинг давоми ҳисобланади. Маълумки, Тошкент кинофестивали совет даврида (1968 йилдан 1988 йилгача) ва Ўзбекистон мустақилликка эришган йиллари (1992 йилдан 1997 йилгача) ўтказиб келинган. 2021 йил июнда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ушбу нуфузли кинофестивални қайтадан тиклаш тўғрисида қарор қабул қилди.