Ўзбекистонда ёш кинематографлар учун махсус мактаб очилади

Халқаро ижодий олий ўқув муассасалари ректорларининг конференцияси. Кинофестиваль матбуот хизмати фотосурати

Пойтахтнинг «Ўзбекфильм» киностудияси ҳудудида ёш кинематографлар учун махсус мактаб очилади. Бу ҳақда Ўзбекистон кинематография агентлигининг бош директори Фирдавс Абдуҳолиқов Ижодий олий таълим муассасаларининг «Кино олами соҳасида тенденциялар ва истиқболлар» биринчи халқаро конференциясида маълум қилди.

«Шу йилнинг еттинчи апрелида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон кинематографиясини ислоҳ қилиш борасида қарор имзолади. Агар 2018 йили кино маҳсулотларини ишлаб чиқаришга 12 млрд сўмга яқин (ҳозирги курс бўйича $1,1 млн) маблағ ажратилган бўлса, 2021 йили – бу соҳага 100 млрд сўм ($9,4 млн) йўналтирилди. Кеча «Ўзбекфильм»нинг катта холлида 28 млн евро эвазига сотиб олинган янги жиҳозларни қабул қилиб олиш тақдимоти бўлиб ўтди»— деди Абдуҳолиқов.

«Авваллари бизнинг бино бошқалар учун ижарага берилганди. Бу ерда совун, эшик, ҳаттоки тобутлар ишлаб чиқарилган. Фақат фильмлар эмас. Энди бу нарсаларни тўғрилаш вақти келди», — дея қўшимча қилди Агентлик раҳбари.

Конференцияда олий кино таълими соҳасида ҳамкорлик қилиш, талаба ва ўқитувчилар билан тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди. Туркия, Грузия, Қозоғистон ва Қирғизистон олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик қилиш меморандуми имзоланди. «Даракчи» нашрининг хабарига кўра, гап Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти ва Бахчешеҳир (Туркия) университети, Б.Бейшеналиев номидаги Қирғизистон маданият ва санъат университети, Ш.Руставели номидаги Грузия давлат театр ва кино университети ва Қозоғистон маданият илмий-тадқиқот институтлари ўртасида яқин ҳамкорлик ўрнатиш ҳақида бормоқда.

Конференция 28 сентябрдан 3 октябрга қадар ўтказилаётган «Ипак йўли дурдонаси» XIII Халқаро Тошкент кинофестивали доирасида уюштирилди. Ушбу кинофорум ўз навбатида «Халқаро Осиё, Африка ва Лотин Америкаси кинофестивали»нинг давоми ҳисобланади. Маълумки, Тошкент кинофестивали совет даврида (1968 йилдан 1988 йилгача) ва Ўзбекистон мустақилликка эришган йиллари (1992 йилдан 1997 йилгача) ўтказиб келинган. 2021 йил июнда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ушбу нуфузли кинофестивални қайтадан тиклаш тўғрисида қарор қабул қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ