Толиблар афғон фотографи қатл этилганига доир хабарларни инкор этдилар

Муртазо Самади . The Guardian сайти фотосурати

«Толибон»* радикал ҳаракати ижтимоий тармоқларда фотограф Муртазо Самадининг (Mortaza Samadi) қатл этилганига доир тарқалган хабарларни инкор қилди. Бу ҳақда The Guardian хабар беради. 21 ёшли афғон сураткаши 7 сентябрь куни Ҳиротдаги норозидик акцияси чоғида жангарилар томонидан қўлга олинган эди.

Сентябрь бошида Афғонистоннинг йирик шаҳарларида «Толибон» ҳукуматига қарши норозилик акциялари бўлиб ўтди ва уларда асосан аёллар иштирок этдилар. Жангарилар намойишларни кескин бостирдилар, айрим ҳолларда автоматларда ҳавога ўқлар уздилар. Аёллар норозилигини ёритган 14 нафар журналист ҳисбга олинди. Уларнинг айримларини жангарилар дўппослаб, қийноққа солишган, бироқ бир неча соатдан сўнг журналистларни қўйиб юборишган.

7 сентябрь Ҳиротда бўлиб ўтган намойиш қатнашчиларини тарқатиш чоғида иккита одам ўлдирилди, бештаси ярадор қилинди. Ўшанда намойишни суратга олаётган Самади қўлга олинган эди. Шундан бери Самадининг қариндошлари бир марта, бор-йўғи бир дақиқа фотограф билан гаплаша олганлар.

Толиблар Ҳиротдаги тадбиркор эркак ва унинг рафиқасини ўғирлаган жиноятчиларни ўлдириб, уларнинг жасадларини омма олдида осиб қўйганларидан кейин, ижтимоий тармоқларда Самадининг ҳам қатл этилганига доир хабарлар тарқай бошлади.

Бунга жавобан толиблар 21 ёшли фотограф қатл этилмагани, «миллий ҳавфсизлик» томонидан оқланганидан кейин йигит қўйиб юборилишини маълум қилдилар.

Радикаллар Самади оиласига йигитнинг нима учун айбланаётганини тушунтириб бермаганлар. Йигитнинг қариндошларига кўра, Самади норозилик акциясини уюштиришда айбланаётган бўлиши мумкин.

Фотографнинг акаси Мустафо Самади (Mustafa Samadi) The Guardianга толиблар укасининг қаерда ва қандай шароитда ушлаб туришганини айтмаганларини сўзлаб берган. «Уч ҳафта давомида укам ҳақида бирорта хабар ололмадик. Укам ҳеч қандай жиноят содир этмаган ва у қатл этилмаслиги керак. Уни озод этишлари даркор», — дейди Мустафо.

13 сентябрь куни Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси толиблар ҳокимиятни эгаллаганларидан сўнг сўз эркинлиги ва ОАВ фаолиятига тўсиқ бўлмасликларини вада қилганлари учун ҳам Самадини «дарҳол қўйиб юборишлари керак»лиги борасида баёнот берди.

Шуни эслатиб ўтамиз, 19 сентябрь куни «Толибон» ташкил этган ҳукумат Афғонистонда сўз эркинлигига жиддий тўсиқ бўлиши, журналистларни қўлга олишга асос яратиши мумкин бўлган 11 та қоидани жорий этди. Халқаро журналистлар федерацияси мазкур қоидаларга изоҳ беради: «Қабул қилинган «Қоидалар» журналистлар ва оммавий ахборот воситаларининг «исломга зид», миллий мулозимларни таҳқирлайдиган ёки шахсий ҳаёт дахлдорлигига қарши маълумотларни чоп этиш ёки трансляция қилинишини тақиқлайди... «Қоидалар» тилга олинган терминларга аниқлик киритмайди ва толиблар режими томонидан уларнинг исталган йўсинда изоҳланишига етарлича имкон яратади».

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ