Италиялик актёр Франко Неро 29 сентябрь куни ўзбекистонлик ёш кинематографлар билан ижодий кеча ўтказди ва унда кино оламидаги илк қадамларини гапириб берди.
«Мен болаликдан актёр бўлишни орзу қилганман. Ўқишдан ташқари мусиқа, ижод билан шуғулланганман. Кейинчалик Римга кўчиб ўтганимиздан сўнг бошлаган илк касбим– фотографлик бўлди, — дея хотираси билан ўртоқлашди Неро. — Мен керакли пайтда ва керакли жойда бўлдим — [америкалик кинорежиссёр] Жон Хьюстон билан учрашиб қолдим. У мени ўз фильмига таклиф қилди. Мен Ланселот ролини ижро этдим. Бу роль менга жуда ёққанди. Шундан сўнг Жон менда актёрлик қобилияти борлигини англади ва менга кўпроқ ўз устимда ишлашимни маслаҳат берди».
Жон Хьюстон Нерога вазифалар топширади: Шекспир пьесаларини ўқишни, кейин уни саҳнадан инглиз тилида сўзлаб беришни. Шундай қилиб Франко Неронинг актёрлик фаолияти бошланади. «Жанго» (1966) фильмидаги бош роль Нерони машҳурлик чўққисига элтади.
«Омадим чопган, деб ўйлайман. Ўз қобилиятимни синаб кўриш, машҳур режиссёр ва актёрлар билан ҳамкорлик қилиш борасида бахтим кулиб боқди, деб ўйлайман», — дейди Неро.
Ижодий кеча 28 сентябрдан 3 октябрга қадар ўтказилаётган «Ипак йўли дурдонаси» XIII Халқаро Тошкент кинофестивали доирасида уюштирилди. Ушбу кинофорум ўз навбатида «Халқаро Осиё, Африка ва Лотин Америкаси кинофестивали»нинг давоми ҳисобланади. Маълумки, Тошкент кинофестивали совет даврида (1968 йилдан 1988 йилгача) ва Ўзбекистон мустақилликка эришган йиллари (1992 йилдан 1997 йилгача) ўтказиб келинган эди. 2021 йил июнда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ушбу нуфузли кинофестивални қайтадан тиклаш тўғрисида қарор қабул қилди.






