Газ йўқлигидан норозилик билдирган самарқандликлар жаримага тортилдилар

САМАРҚАНД ТУМАНИДА АКЦИЯ ИШТИРОКЧИЛАРИ УСТИДАН СУД ЖАРАЁНИ. САМАРҚАНД ВИЛОЯТ ИИБ АХБОРОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

Хонадонларида табиий газ йўқлигидан норозилик билдириб ҳалқа йўлини тўсиб қўйган бир гуруҳ самарқандликлар маъмурий жавобгарликка тортилдилар. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабар беради.

Норозилик акцияси 26 сентябрь куни ўтказилиб, унда Самарқанд тумани Чунгул маҳалласининг «Янгиарик-1» кўчасида яшовчи 13 нафар одам иштирок этган. Улар Самарқанд «М-37а автомобиль ҳалқа йўли«нинг 8-9 километрида йўлининг қатнов қисмига чиқиб, йўлни тўсиб қўядилар. Мазкур фуқаролар Самарқанд тумани ҳокимияти биносига олиб келинади, туман ҳокими, вилоят ва туман ИИБ раҳбарияти ҳамда мутасадди ташкилот ходимлари улар билан тушунтириш ишлари олиб борадилар.

Ушбу ҳолат юзасидан Самарқанд тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари аниқланишича, ушбу маҳалла 2015 йилда табиий газ тармоғидан узилади ва у ерда суюлтирилган газ баллонлари билан таъминланиш йўлга қўйилади. Норозилик билдириб чиққан фуқаролар истиқомат қилаётган маҳаллага Самарқанд тумани Газ таъминоти бўлими томонидан охирги маротаба жорий йилнинг 29 июль куни суюлтирилган газ баллонлари тарқатилган.

Тўпланган ҳужжатлар мазмунан кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Самарқанд тумани судига юборилди. Жиноят ишлари бўйича Самарқанд тумани судининг 27 сентябрь кунидаги қарори билан 13 нафар шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддаси (майда безорилик) ҳамда 201-моддаси (йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) да назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилиб, маъмурий жавобгарликка тортилдилар.

Таъкидлаш жоиз, маҳаллага газ баллонлари келтирилган ва норозилик акцияси ўтказилган сана оралиғида 60 кун ўтган. Газ баллони неча кунга етиши борасида бирорта аниқ жавоб йўқ, зеро у кўпгина омилларга боғлиқ. Суюлтирилган газдан фойдаланувчи айрим одамлар «битта баллон 45 кунга етиши»ни таъкидлайдилар. Энергетика вазирлиги маълумотида ҳам унинг 45 кунга етиши тилга олинади. Бошқалар эса газ баллонларини икки ойда бир марта заправка қилиши ва ва улар икки ҳафтага етишини айтадилар. Одамлар газни иқтисод қилиб, кўпинча овқатни ўтинда пиширадилар.

Ҳукумат томонидан аҳолини суюлтирилган газ билан узлуксиз равишда таъминлаш ишлари «Ҳудудгазтаъминот» АЖ зиммасига юклатилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ