Ўзбекистонда ҳужжатли фильмлар ишлаб чиқариш жаҳон андозаларига етказилади. Бу ҳақда 28 сентябрь куни Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ҳужжатли кинога бағишланган матбуот анжуманида гапириб ўтди.
- Ҳужжатли кино саҳасида машҳур ижодкорларни кутиб олиш биз учун улкан шарафдир, — деди Абдуҳакимов «Ипак йўли дурдонаси» XIII Халқаро Тошкент кинофестивали меҳмонларига юзланаркан. — Ҳужжатли кино мактабимиз улкан истиқболга эга. Кинофестивал доирасида янги уфқларни кашф этишимиз, лойиҳаларни амалга оширишимиз мумкин. Ўзбекистон ҳужжатли кино соҳасини жаҳон андозаларига етказиш учун ҳаракат қилади. Тошкент халқаро кинофестивали бунга замин яратиши табиий.
Абдуҳакимов «кино маданиятимизнинг муҳим бир қисми. Биз уни иқтисодиётнинг узвий бир қисми деб биламиз ва кинематограф учун инвестициялар киритишга тайёрмиз», — деди.
Кинофестивал доирасида ўтказилажак Ҳужжатли кино кунларида ўн бир мамлакатдан 25 нафар ижодкор қатнашади. 29 сентябрдан 2 октябрга қадар Киночилар уйида хорижий ва ўзбекистонлик кинематографлар иштирокида маҳорат дарслари ўтказилади. 30 сентябрь ва 1 октябрь кунлари Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Италия, Туркия, Франция ва АҚШдан ташриф буюрган оператор ва продюссерлар Урганч ва Хива шаҳарларида маҳорат дарсларини ўтказадилар.
2 октябрь куни гала-концерт ва «Халқ юраги» ҳужжатли сериал ижодкорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.
Ҳужжатли кино кунлари доирасида Германия, Буюк Британия, Нидерландия, Россия, Туркия, Афғонистон ва Ўзбекистон фильмларини намойиш этилади. Жумладан, «Россия-Культура», BBC ва «Мир» телеканаллари ўзларининг янги картиналарини намойиш қилади. Барча ҳужжатли фильмлар Ўзбекистоннинг маданий, тарихий мероси, буюк шахслари ва замонавий Ўзбекистонга бағишланган.
«Осиё, Африка ва Лотин Америкаси» Тошкент халқаро кинофестивали совет даврида (1968 йилдан 1988 йилгача) ва Ўзбекистон мустақил бўлганидан сўнг (1992 йилдан 1997 йилгача) ўтказиб келинган. 2021 йил июнда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев халқаро кинофестивални қайтадан жонлантиришга қарор қилди. Кинофорум 28 сентябрдан 3 октябрга қадар бўлиб ўтади.