Машҳур актёр Жерар Депардье 28 сентябрдан 3 октябрга қадар бўлиб ўтадиган «Ипак йўли дурдонаси» XIII Халқаро Тошкент кинофестивалининг фахрий меҳмони бўлади. Француз актёри Тошкентга 1 октябрь куни учиб келади.
Депардье Ўзбекистонда бир неча бор бўлган. Унинг 2019 йилги ташрифи «Ипак йўли» ҳужжатли фильмини суратга олиш билан боғлиқ бўлди.
Фильм Франциядаги Ўзбекистон элчихонаси, Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва B-Tween компанияси ҳамкорлигида суратга олинди. Фильмни тасвирга олиш ишлари республиканинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз ва Нукус шаҳарларида амалга оширилди.
Ўша йили Депардье Ўзбекистоннинг Франциядаги туризм элчиси этиб тайинланди.
«Осиё, Африка ва Лотин Америкаси» Тошкент халқаро кинофестивали совет даврида (1968 йилдан 1988 йилгача) ва Ўзбекистон мустақил бўлганидан сўнг (1992 йилдан 1997 йилгача) ўтказиб келинганди. 2021 йил июнда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев халқаро кинофестивални қайтадан жонлантиришга қарор қилди.