Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегарасида хизмат ўтаётган бир ўзбек аскари ҳалок бўлган. 27 сентябрь куни Наманганда сайловчилар билан учрашув чоғида Шавкат Мирзиёев Афғонистон билан чегарадаги вазият бўйича тўхталиб ўтди, деб хабар беради Kun.uz нашри.
«Куни кеча ҳам давлатимиз чегарасини бузиб ўтишга уриниш бўлди. Бир наркобарон ҳаракат қилди. Лекин биз дахлсизлик масаласида позициямиз қатъий, керак бўлса, чегарамизни ҳимоя қилиш учун қурол ишлатамиз. Кечаги вазиятда ҳам ўз вазифасини шараф билан бажарган бир аскаримиз қаҳрамонларча ҳалок бўлди. У шу юрт фарзанди – наманганлик эди», — деди Мирзиёев.
Шунингдек, у Афғонистондаги вазият барчага сабоқ бўлиши кераклигини таъкидлади. «Ҳеч кимга сарҳадларимизга дахл қилишга йўл қўймаймиз. Чунки Ўзбекистонда қонун устувор, жазо муқаррар», — деди президент.
Афғонистонда ҳокимятни эгаллаган «Толибон»* ҳаракати август ойи охирида бундан буён мамлакатда наркотик моддалар ишлаб чиқарилмаслигини таъкидлаганди. «Энди гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш ҳам, уни контрабанда қилиш ҳам бўлмайди. Афғонистон наркотик моддалардан ҳоли мамлакат бўлади», — деганди 18 августда ҳаракатнинг расмий вакили Забиулла Мужоҳид. Шу билан бирга, у ушбу ишларни амалга ошириш учун халқаро ёрдам керак бўлишини айтган.
Толиблар ва ҳукумат қўшинлари ўртасида кескин жанглар кетаётган июль ойида «Толибон» ҳаркатининг вакили Шаҳобиддин Диловар ҳам наркотик моддалар контрабандасига қарши курашиш кераклигини гапирганди. Унинг сўзларини изоҳлар экан, Афғон сиёсатини ўрганиш марказининг раҳбари Андрей Серенко наркобизнесдан олинаётган даромад «Толибон» бюджетининг тенг ярмини, яъни $1 млрд.ни ташкил этишини маълум қилди.
«Толибон — дунёдаги энг йирик наркокартеллардан бири ҳисобланади. Наркодаромаддан воз кечиш, бюджетнинг ярмидан маҳрум бўлиш, деган гап. Бундай маблағдан воз кечиш — нафақат тинчлик пайтида, ҳаттоки уруш даврида ҳам ақлга сиғмайдиган гапдир», — деди у.
* «Толибон» ҳаракати РФ ва қатор давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).



