Тошкентга ташриф буюраётган ҳинд киноижодкорлари орасида собиқ СССР халқлари орасида энг машҳур бўлган ҳинд актёри Митхун Чакраборти ҳам бор, деб хабар беради 28 сентябрдан 3 октябргача бўлиб ўтажак «Ипак йўли дурдонаси» XIII Халқаро Тошкент кинофестивалининг ташкилотчилари.
Болливуд юлдузи Ҳинд киноси кунлари дастурида иштирок этади, ёш кинематографлар учун маҳорат дарстларини ўтади, шунингдек мухлислари учун ижодий кечалар уюштиради.
Митхун Чакраборти 1950 йили Калкутта шаҳрида дунёга келган. У 370 дан ортиқ фильмларда суратга тушган. Унинг иштирокидаги «Диско раққоси» ва «Ўйна, ўйна» фильмлари актёрни машҳурлик чўққисига олиб чиққан.
Ўзбекистонда Ҳинд кино кунлари 29 сентябрдан 3 октябргача ўтказилади. Унда машҳур режиссёрлар, актёрлар ва кино усталари иштирок этадилар. Меҳмонлар орасида Сарфараз Алам, Рандхир Капур, Раваил Рахул Харнам Сингх, Карим Морани, Сандип Марва ва бошқа юлдузлар бўлиши кутилмоқда.
Ҳинд киноси кунларининг тантанали очилиш маросими 29 сентябрда Тошкентда бўлади. 30 сентябрь куни делегация Самарқандга ташриф буюради ва у ерда ҳинд киноси мухлислари билан учрашувлар ўтказилади, фильмлар намойиш этилади. 2 октябрь куни ҳиндистонлик меҳмонлар кинофорум якунланиши маросимида қатнашиш учун Тошкентга қайтадилар.
Эслатиб ўтамиз, «Осиё, Африка ва Лотин Америкаси» Тошкент халқаро кинофестивали совет даврида (1968 йилдан 1988 йилгача), ва Ўзбекистон мустақил бўлганидан сўнг (1992 йилдан 1997 йилгача) ўтказиб келинган. 2021 йил июнда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев халқаро кинофестивални қайтадан жонлантиришга қарор қилди. Кинофорум 28 сентябрдан 3 октябрга қадар бўлиб ўтади.