Машҳур турк режиссёри Нури Билге Жейлан Тошкентга ташриф буюради

Нури Билге Жейлан. Festival-cannes.com сайти фотосурати

28 сентябрь куни Туркиядан Тошкентга машҳур турк кинорежиссёри, бир неча бор Канн кинофестивали мукофотларини қўлга киритган Нури Билге Жейлан учиб келади. У XIII Халқаро Тошкент кинофестивали дастурларида иштирок этади.

Нури Билге Жейлан 1959 йили Истанбулда таваллуд топган. Википедия маълумотларига кўра, 2002 йили унинг «Бегоналик» фильми Канн кинофестивалинининг Гран-При мукофотига сазовор бўлган. 2006 йили Жейланнинг «Йил фасллари» киноасари ФИПРЕССИ мукофотини қўлга киритади. Фильмда Жейлан режиссёр, сценарист, продюсер вазифасини ўтаган, шунингдек рафиқаси билан бош ролларни ижро этган.

2008 йил моҳир кинорежиссёр Канн кинофестивалига «Уч маймун» фильмини тақдим этади ва «Энг яхши режиссёр» совринини қўлга киритади. 2011 йили эса «Кунлардан бир кун Анатолияда» фильми билан Жейлан мазкур кинофестивалнинг бош мукофоти -Гран-Прини қўлга киритади.

2014 йили эса Жейлан «Қиш уйқуси» фильми учун Канн кинофестивалининг «Олтин зайтун япроғи» мукофотига сазовор бўлди.

ℹ️ Бергман, Антониони ва Тарковский йўлидан борган Жейлан Тошкентга бир ўзи ташриф буюрмайди. Унга «Муҳташам юз йил» сериали орқали дунёга танилган турк киноактрисаси Филиз Аҳмет, «Қора савдо» (Kara Sevda) сериалининг юлдузи Мелисса Асли Памук ва бошқалар ҳамроҳлик қиладилар.

Тошкент кинофестивали доирасида Ўзбекистон Туркия билан киномаҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича келишув имзолаши ва турк кинематографлари билан ҳамкорликда анимация мактаблари ташкил этилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, «Осиё, Африка ва Лотин Америкаси» Тошкент халқаро кинофестивали совет даврида (1968 йилдан 1988 йилгача), ва Ўзбекистон мустақил бўлганидан сўнг (1992 йилдан 1997 йилгача) ўтказиб келинган. 2021 йил июнда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев халқаро кинофестивални қайтадан жонлантиришга қарор қилди. Кинофорум 28 сентябрдан 3 октябрга қадар бўлиб ўтади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ