Америкалик актёр ва кинопродюсер Стивен Сигал ва италиялик актёр Франко Неро «Ипак йўли дурдонаси» XIII Халқаро Тошкент кинофестивалининг фахрий меҳмонлари бўладилар. Бу ҳақда кинофорум ташкилотчилари хабар қилади.
Фестивал доирасида Стивен Сигал актёрлик ва режиссура бўйича ёш кинематографлар учун маҳорат дарстлари ўтказади. Шунингдек, у Самарқандга ташриф буюриб, Family Park кинотеатрининг тантанали очилишида иштирок этади.
Стивен Сигал 1952 йили АҚШда туғилган. У етти ёшидан спортнинг карате, 15 ёшидан айкидо турлари билан шуғуллана бошлаган. Унинг иштирокидаги энг машҳур фильмлардан бири «Қамалда» (1992) фильми ҳисобланади.
Франко Неро эса кинофестивал давомида ижодий учрашувлар ўтказади, ёш актёрлар учун маҳорат дарсларини ўтказади. Актёр 1941 йили Италияда дунёга келган. 1966 йили суратга олинган «Жанго» фильми уни жаҳонга машҳур қилди. 1970 йиллари полиция ҳақида олинган фильмларда Неро прокурор ролини ижро этган.
Эслатиб ўтамиз, «Осиё, Африка ва Лотин Америкаси» Тошкент халқаро кинофестивали совет даврида (1968 йилдан 1988 йилгача), ва Ўзбекистон мустақил бўлганидан сўнг (1992 йилдан 1997 йилгача) ўтказиб келинган. 2021 йил июнда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев халқаро кинофестивални қайтадан жонлантиришга қарор қилди. Кинофорум 28 сентябрдан 3 октябрга қадар бўлиб ўтади.