Люк Бессон «Кино 5 кунда» танлов ғолибларига совринлар топширади

Люк Бессон. Люк Бессон. Lepoint.fr сайти фотосурати

Машҳур француз кинорежиссёри Люк Бессон «Ипак йўли дурдонаси» XIII Халқаро Тошкент кинофестивалининг фахрий меҳмонларидан бири ҳисобланади. Маълумки, кинофестивал 28 сентябрь куни тантанали равишда очилади. Бу ҳақда кинофорум ташкилотчилари хабар беради.

Бессон кинофестивалнинг очилиш маросимида ва бир неча анжуманларда иштирок этади. Анжуман ташкилотчиларининг эътироф этишича, айнан у «Кино 5 кунда» танлов ғолибларига совринлар топширади.

Мазкур дастур 22 сентябрь куни бошланган. «Кино —5 кунда» танловининг асосий мақсади миллий кинони қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш ва ривожлантиришга қаратилган. Танлов шартларига мувофиқ, иштирокчилар «Буюк ипак йўли» мавзусида қисқа метражли фильмларни тайёрлашади. Кинони тасвирга олиш жараёнлари Ўзбекистоннинг турли шаҳарларида амалга оширилади.

Қўрик танловнинг мукофот пули $32 мингдан иборат. Биринчи ўринга $15 минг, иккинчи ўринга — $10 минг, учинчи ўринга — $7 минг пул мукофоти ажратилган. Ғолибларнинг ҳар бири махсус диплом ва ҳайкалча билан тақдирланади.

Люк Бессон 1959 йили сув ости сузиш бўйича мутахассислар оиласида туғилган. У делфинлар (Юнус балиғи) бўйича мутахассис бўлишни орзу қилади, лекин 17 ёшида шикастланади ва ҳаётий режаларини ўзгартиришга мажбур бўлади. Люк 19 ёшида Голливудга йўл олади, бироқ у ерда узоқ қолмай, ватанига қайтади. Армияда уч йил хзмат ўтагач, Бессон кинематограф бўлишга ҳаракат қилади. Унинг машҳур киноасарлари сафидан «Ертўла», «Никита», «Леон», «Бешинчи элемент», «Уни Никита деб аташарди» сериали, «Асира аёл» трилогияси ва бошқалар ўрин олган.

Эслатиб ўтамиз, «Осиё, Африка ва Лотин Америкаси» Тошкент халқаро кинофестивали совет даврида (1968 йилдан 1988 йилгача), ва Ўзбекистон мустақил бўлганидан сўнг (1992 йилдан 1997 йилгача) ўтказиб келинган. 2021 йил июнда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев халқаро кинофестивални қайтадан жонлантиришга қарор қилди. Кинофорум 28 сентябрдан 3 октябрга қадар бўлиб ўтади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ